Шотландия биринчи вазири Никола Starжен келаси ҳафта Буюк Британиядан мустақиллик масаласида янги референдум ўтказишга рухсат беришни сўраб Шотландия парламентига мурожаат қилади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Starженнинг сўзларига кўра, референдум 2018 йил кузидан 2019 йил баҳоригача бўлган оралиқда — Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши жараёни якунига етгунига қадар ўтказилиши лозим.
Шотландиялик вазир Эдинбургдаги чиқиши чоғида Буюк Британиянинг Евроиттифоқ таркибидан чиқиши масаласида ён беришларга бормаётгани учун Британия ҳукуматини танқид остига олди. Аввалроқ Шотландия ҳукумати Англия, Уэльс ва Шимолий Ирландия Европа Иттифоқини тарк этган тақдирда ҳам, Шотландия умумий Европа бозорининг бир қисми бўлиб қолишини назарда тутадиган вариантни кўриб чиқишни таклиф қилган эди.
Starженнинг сўзларига кўра, у Буюк Британия ҳукумати Шотландиядаги янги референдумни тўхтатиб қўяди, деб кутмаяпти.
Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши масаласида 2016 йил июнида ўтказилган референдумда британияликларнинг 52 фоизи Brexit учун овоз берган. Шотландияда эса аҳолининг фақат 38 фоизи бу қарорни маъқуллаган.
2014 йили Шотландияда ҳудуднинг Буюк Британия таркибидан ажралиб чиқиши масаласида референдум ўтказилган. Ўшанда шотландияликларнинг 55 фоизи Бирлашган Қироллик таркибида қолиш учун овоз берган эди.
Буюк Британия 2017 йил март ойи охирига қадар Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши жараёнини расман бошлаши кутилмоқда. Бу жараён тахминан икки йил вақт олади.
Изоҳ (0)