Дунёдаги энг катта кўприклар Гиннеснинг рекордлар китобига киритилади. Энг ғаройиб кўприклар эса сайёҳларнинг фотосессия ўтказадиган севимли жойига айланади. «AdMe» нашри дунёдаги ноодатий кўприкларнинг фотожамланмасини тақдим этди.
Непалдаги осмакўприк
Непалда жойлашган бу иншоот дунёдаги энг хавфли осмакўприклар қаторига киради. Ўзининг жойлашган баландлиги ва кичик энига қарамасдан, кўприк жуда мустаҳкам ҳисобланади. Осмакўприк бир нечта аҳоли пунктларини боғлаб туради. Маҳаллий аҳоли кўприк орқали уй ҳайвонларини олиб ўтади. Бу кўприкнинг мустаҳкамлигидан далолат беради.
Сув остидаги кўприк (Мусо кўприги)
Нидерландияда жойлашган кўприкка Қизил денгиз сувини чекинтириб, уни кесиб ўтган Мусо пайғамбар номи қўйилган. Мўъжизакор кўприк муаллифлари ёш архитекторлар Ро Костер ва Ад Кил.
Ҳаво шарли осмакўприк
Учта улкан ҳаво шарига осилган кўприк Англиядаги Таттон боғида жойлашган. Композиция «Маймунлар кўприги» деб номланади. Кўприк лойиҳаси муаллифи француз рассоми Оливье Гроссетете. Кўприк одамлар ўтиши учун мўлжалланмаган, у шунчаки санъат намунаси ҳисобланади.
Илдизли кўприк
Ҳиндистондаги қишлоқлардан бирида жойлашган кўприк қурилмаган, балки каучукли фикус дарахти илдизларидан «ўсиб чиққан». Бир неча юз йил олдин маҳаллий қабилалар дарахт илдизларини керакли томонга йўналтириб, махсус иншоот қуришни бошлаган. 500 йилдан ортиқ вақт давомида узунлиги уч километрдан ортиқ бўлган кўп сонли кўприклар юзага келган. Табиий иншоот 50 кишини кўтара олади ва ҳудудга хос бўлган сув тошқинларига чидамли.
Булутлар устидаги кўприк
Чиройли ва футуристик услубда қурилган Виадук Мийо Францияда жойлашган. Кўприк қурилаётган вақтда дунёдаги энг баланд транспорт кўприги ҳисобланган. Устунларидан бирининг баландлиги 341 метр бўлиб, Эйфель Минорасидан салкам 20 метрга баландроқ. Кўприкнинг умумий узунлиги 2460 метрни ташкил қилади.
Фавворали кўприк
«Камалак фаввораси» деб аталадиган иншоот дунёдаги энг узун фаввора жойлашган кўприк (узунлиги 1140 метр) сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Кўприк Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги Ханшуй дарёсининг икки қирғоғини боғлайди. Кўприк 2009 йилда фавворали кўприкка айлантирилган.
Ҳеч қаерга олиб бормайдиган кўприк
Норвегияда жойлашган Сторсезандет кўприги шундай услубда қурилганки, унга яқинлашаётган кишида кўприкка эмас, автомобиль билан бирга денгизга тушиб кетиш мумкин бўлган трамплинга яқинлашаётгандек ҳиссиёт уйғонади. Маҳаллий аҳоли уни «Маст кўприк» деб атайди, чунки унга қандай бурчак остида қарашга боғлиқ равишда унинг шакли ўзгаради.
Осмондаги кўприк
Малайзиядаги Langkawi Sky Bridge кўприги денгиз сатҳидан 700 метр баландликда жойлашган. Кўприкнинг узунлиги 125 метрни ташкил қилади. У битта устунга маҳкамланган ва қояларга маҳкамланган қўшимча метал арқонлар ёрдамида тутиб турилади
Сув кўприги
Германияда жойлашган Магдебург кўприги иккита муҳим канални боғлаб туради ва Европадаги энг катта сув кўприги ҳисобланади. Кўприкнинг узунлиги 918 метр бўлиб, ундан нафақат одамлар ўтади, балки кемалар ҳам сузиб ўтади.
Тебранувчи кўприк
Gateshead Millennium Bridge Шимолий Англияда жойлашган. Янги мингйиллик шарафига Тайн дарёси устида қурилган кўприк Гейтсхед ва Ньюкаслни боғлаб туради. У иккита ёй шаклида бўлиб, биттаси икки қирғоқни боғлаб турса, иккинчиси кўтарилган ҳолда туради. Кўприк пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган. Кўприк остидан кичикроқ кемалар ўтиши мумкин. Нисбатан каттароқ кема яқинлашганда, кўприкнинг кўтарилган қисми пастки қисмини тортади ва кема кўприк остидан ўта олади, бунда кўприк 25 метр баландликдаги аркни ҳосил қилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)