4 декабрь соат 22:00 да Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз беришнинг боришига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сайловнинг дастлабки натижалари юзасидан маълумот берди. Унинг сўзлари МСК расмий сайтида келтирилди.
«Бугун соат 20:00 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича барча сайлов участкаларида овоз бериш жараёни якунланди. Фақат Ўзбекистон Республикасининг Миср, Европанинг аксарият давлатлари ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда», — маълум қилди Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.
«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз фуқаролари сайловда юксак сиёсий ва фуқаролик фаоллигини намойиш этди. Соат 11:00 га қадар сайловчиларнинг 33 фоизидан ортиғи овоз беришда иштирок этгани бунинг яққол тасдиғидир», — сўзида давом этди у.
Мирзо-Улуғбек Абдусаломов таъкидлаб ўтганидай, дастлабки маълумотларга кўра, овоз беришда 17 миллион 941 минг 955 нафар фуқаро иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади.
«Албатта, бунга ҳали хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш натижалари киритилмаган», — қўшимча қилди Марказий сайлов комиссияси раиси.