Астраханнинг талабалар хиёбонида жойлашган халқаро «Ҳайкаллар хиёбони»да форс шоири, файласуф, астроном ва математик Умар Хайёмнинг ҳайкали очилди. Бу ҳақда Pars Today хабар бермоқда.
Астрахан губернатори буюк форс шоирининг ҳайкали Россия ва Эроннинг самимий дўстлиги рамзи эканлиги, унинг очилиши эса алоқаларнинг фаоллашувига сабаб бўлишини таъкидлади.
1,5 тонналик ҳайкал Екатеринбургда қуйилиб, Астраханга етказилган. Унда Умар Хайём турган ҳолда, қўлида китоб ва патқалам билан акс эттирилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳайкал Гилон вилояти (Эрон) Савдо-саноат, конлар ва қишлоқ хўжалиги палатаси маблағлари ҳисобига барпо этилганлиги ҳақида маълум қилинган эди.