Ўзбекистонда 8 сентябрь соат 23:30 дан 9 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 512 та ҳолат қайд этилди. 20 августдан сўнг биринчи марта кунлик касалланганлар сони 500 нафардан ошди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 44930 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,1 фоизи 9 сентябрга тўғри келди. Бундан ташқари, Ўзбекистон коронавирусга чалинганлар сони бўйича Қирғизистондан ўтиб кетиб, дунёда 60-ўринга чиқиб олди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланган 512 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасидан аниқланган:- Тошкент шаҳрида — 331 нафар;
- Тошкент вилоятида — 105 нафар;
- Қашқадарё вилоятида — 30 нафар;
- Самарқанд вилоятида — 12 нафар;
- Андижон вилоятида — 11 нафар;
- Наманган вилоятида — 9 нафар;
- Фарғона вилоятида — 6 нафар;
- Хоразм вилоятида — 6 нафар;
- Навоий вилоятида — 2 нафар.
Тошкент шаҳрида 331 кишида коронавирус аниқланди. Бу пойтахтда сентябрь ойида энг кўп касаллик аниқланган кун бўлди. Умуман олганда, пойтахтда 3 сентябрдан бери кунлик касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда: 3 сентябрда 109 кишида, 4 сентябрда 135 кишида, 5 сентябрда 170 кишида, 6 сентябрда 177 кишида, 7 сентябрда 190 кишида ва 8 сентябрда 317 кишида COVID-19 қайд этилганди. Сентябрнинг 9 кунида Тошкентда касалланганлар сони 1831 нафарга кўпайди. ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан 12 тасида эпидемия мавсумида ҳали бунча бемор аниқланмаган. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 27383 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 60,9 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.
Тошкент вилоятида 105 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда 4 сентябрдан сўнг энди кунлик касалланишлар сони 100 нафардан ошмоқда. Сентябрда Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 877 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 8082 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18 фоизига тенгдир.
Қашқадарё вилоятида 30 кишида касаллик қайд этилди. 6 августдан бери биринчи марта Қашқадарёда кунлик касалланганлар сони 30 нафарга чиқди. Вилоятда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1013 нафарга етди. Қашқадарё коронавирусга чалинганлар сони 1000 нафардан ошган Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Бухоро вилоятларидан сўнг олтинчи ҳудуд бўлди.
Самарқанд вилоятида 12 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2 ва 8 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 72 нафарга кўпайди. Самарқандда COVID-19 қайд этилганлар сони 1790 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 4 фоизи Самарқанд вилоятига тўғри келмоқда.
Андижон вилоятида 11 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 7 кундан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Андижонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1264 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,8 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.
Наманган вилоятида 9 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрь ойининг 6 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 40 кишига кўпайди. Вилоятда касалланганлар сони 949 нафарга етди.
Фарғона вилоятида 6 кишида COVID-19 аниқланди. Сентабр ойида вилоятда фақат 6 ва 8 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида Фарғонада касалланганлар сони 26 кишига кўпайди. Фарғонадаги жами касалланганлар сони 349 нафарни ташкил этмоқда. Куни кеча вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси, Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ғаниев коронавирусга чалингани ва оғир аҳволда эканлиги ҳақида хабар тарқалганди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати бу хабарларни рад этди ҳамда Авазбек Ғаниев пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан айни кунда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётганини маълум қилди.
Хоразм вилоятида 6 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг 9 кунидан 4 тасида вилоятда янги касалланганлар рўйхатга олинди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 490 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,09 фоизи Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.
Навоий вилоятида 2 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сентябрда учинчи марта янги ҳолатлар рўйхатга олинмоқда. Навоийда коронавирусга чалинганлар сони 514 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 1,14 фоизига тенг деганидир.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Шунингдек, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ҳам коронавирус асоратларидан вафот этгани маълум бўлди.Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 83 ёшли М.М. исмли аёл вафот этган.
Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшаган 56 ёшли Э.Д. исмли эркак вафот этган.
Учинчи ўлим. Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ҳамза Файзиев 61 ёшида коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг ҳамкасбларига таяниб, «Xabar.uz» хабар берди.
«Ҳамза Файзиев фидойи ходим сифатида тилга тушган прокурорлардан эди. Тизимнинг энг қуйи поғонасидан то марказий маҳкамасигача бўлган машаққатли йўлни матонат билан босиб ўтган», — дейилади 8 сентябрдаги хабарда.Унинг ўлими бўйича ССВ ҳозиргача ахборот бермаган.
Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 56 ёшли Э.А. исмли эркак вафот этган.
Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 59 ёшли З.А. исмли эркак вафот этган.
Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 59 ёшли У.Т. исмли эркак вафот этган.
Еттинчи ўлим. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшаган 55 ёшли Ғ.Д. исмли эркак вафот этган.
Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 366 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 380 нафарни ташкил этмоқда.
ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:
- 9 ва 15 июль кунлари Олмалиқ шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёл;
- ДХА Навоий вилояти бошқармаси ходими Адҳамжон Деҳқонов;
- Маданият вазирлиги ходими Акмал Ирисов;
- Чилонзор тумани СЭОМ бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова;
- Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи Ҳакимбай Халимов;
- Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳамедов;
- Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов;
- Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов;
- Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри артисти Жанабай Утепбергенов;
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси Анвар Эргашев;
- «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Сергей Вюненко;
- Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев;
- Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ҳамза Файзиев.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2352 нафар бемордан 427 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун олдин аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 654 нафардан 628 нафарга тушганди, энди эса 651 нафарга кўтарилди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 27,7 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.
Касалликдан даволаниш
9 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида 314 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Сентябрда тўртинчи марта кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан паст бўлди.Янги тузалганларнинг
- 188 нафари Тошкент шаҳрида;
- 98 нафари Тошкент вилоятида;
- 9 нафари Самарқанд вилоятида;
- 8 нафари Наманган вилоятида;
- 5 нафари Фарғона вилоятида;
- 4 нафари Хоразм вилоятида;
- 2 нафари Андижон вилоятида касалликдан фориғ бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.
Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 44 930 нафар бемордан 42 212 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Тўрт кундан буён даволаниш кўрсаткичи 94 фоиз бўлиб турибди. Бу энг юқори натижа ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2352 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Икки кун аввал даволанишни давом эттираётган беморлар сони 2027 нафарни ташкил этаётганди. Энди эса сентябрдаги энг салбий кўрсаткичга чиқди.
Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1674 нафар. Фарғонада 6, Хоразмда 9, Навоийда 10, Жиззахда 10, Қорақалпоғистонда 12, Сурхондарёда 19, Сирдарёда 31, Бухорода 33, Наманганда 37, Андижонда 52, Қашқадарёда 60, Самарқандда 122 ва Тошкент вилоятида 277 нафар бемор қолди.