Daryo

PISA 2025: Ўзбекистон ўқувчилари табиий фанлардан 91 давлат орасида 48-ўринни эгаллади

Ўзбекистон тадқиқотда иккинчи марта қатнашди. Мамлакатдан халқаро ташкилот томонидан тасодифий танлаб олинган 233 та мактабдан 15 ёшли ўқувчилар иштирок этди.

1 дақиқа ўқиш4 130 кўришлар0 изоҳ0

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан PISA 2025 халқаро баҳолаш дастури натижалари эълон қилинди. Ўзбекистон тадқиқотда иккинчи марта қатнашиб, ижобий ўзгаришлар қайд этилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборотида билдирилишича, мамлакатдан халқаро ташкилот томонидан тасодифий танлаб олинган 233 та мактабнинг 8 652 нафар 15 ёшли ўқувчиси тадқиқотда иштирок этди.

Табиий фанлар бўйича Ўзбекистон ўқувчилари 438 балл тўплаб, 91 та давлат ва таълим тизими орасида 48-ўринни эгаллади. Таққослаш учун, PISA 2022 да табиий фанлар бўйича натижа 355 балл ва 80-ўринни ташкил этган. Шу тариқа, 2025 йилда натижа қарийб 83 баллга ошган.

Рақамли дунёда ўрганиш бўйича Ўзбекистон ўқувчилари 402,4 балл қайд этиб, 72-ўринни эгаллади.

PISA 2025 да асосий йўналиш сифатида табиий фанлар саводхонлиги белгиланган. Математика ва ўқиш саводхонлиги бўйича натижалар юзасидан қўшимча таҳлиллар олиб борилмоқда.PISA 2025 тадқиқотида 2-даража базавий даража ҳисобланади. Бу даража ўқувчининг кундалик ҳаётда зарур бўлган асосий билим ва кўникмаларни қўллай олишини англатади. Базавий даража ва ундан юқори натижа кўрсатганлар 2022 йилда 19 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 65 фоиз бўлди. Бу эса 46 фоиз ўсиш демакдир.

PISA — Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини халқаро миқёсда баҳолаш дастури бўлиб, унда турли давлатлардаги 15 ёшли ўқувчиларнинг мактабда олган билимларини ҳаётий вазиятларда қўллай олиш қобилияти текширилади. У ҳар уч йилда бир марта ўтказилади. 

PISA 2025 Халқаро тадқиқотида 91 та давлат ва таълим тизими иштирок этди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар