Daryo

Ўзбекистон қурувчилари Сербияда 200 километрлик темир йўл қурилишида иштирок этади

Белградда ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси Европа бозоридаги илк йирик темир йўл лойиҳаларида қатнашиши келишиб олинди.

2 дақиқа ўқиш3 398 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистонлик қурувчилар Сербияда темир йўл тармоғини модернизация қилиш, жумладан, 200 километрлик темир йўл участкасини қуришда иштирок этади. Бу ҳақда “Замон” дастурида маълумот берилди.

Маълум бўлишича, 7 сентябрь куни, президент ташрифи арафасида Ўзбекистон—Сербия ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Сербия халқаро иқтисодий алоқалар вазири Ненад Попович ҳамраислик қилди. Унда, шунингдек, икки томоннинг тегишли вазирликлари, идоралари ва ҳудудлари вакиллари иштирок этди. Кун тартиби бир нечта устувор йўналишни қамраб олди. Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, туризм, маданият, академик алмашинув ва меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, савдони янада либераллаштириш бўйича муҳим қадам ташлангани маълум қилинди. Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш учун келишувга эришилди. Бу механизм товар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш, савдо тартибларини соддалаштириши ва товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилган.

“Биз бир қатор келишувларга эришдик. Биринчидан, савдога тўғридан тўғри фойда берадиган механизм бу эркин савдо битими бўйича ишларни бошладик. Тез орада битим лойиҳаси бўйича ишларни якунлаб, уни имзолаймиз ва бу орқали Ўзбекистон маҳсулотларига Сербия бозорида жозибадор шароитлар яратилади. Бундан ташқари, биз саноат кооперациядан ҳам алоҳида дастурни қабул қилдик. Бу дастур доирасида биз енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, геология ва металлургия ва IT йўналишларида аниқ лойиҳаларни белгилаб олдик”, дейди Лазиз Қудратов.

Вазирга кўра, ўзбекистонлик темир йўлчилар ва қурувчилар Сербияда темир йўл лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши бўйича келишувга эришилди. Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ва Сербия томони ҳамкорлигида мамлакат ҳудудидаги темир йўл тармоғини модернизация қилиш, жумладан, 200 километрлик темир йўл участкасини қуриш ишлари режалаштирилмоқда.

“Эртага икки президент учрашувларидан кейин бу бўйича протокол имзоланади. Иккита лойиҳа, иккита маршрут бўйича ҳозир транспорт вазирликлари гаплашяпти ва бу биз учун жуда катта имконият”, дейди инвестициялар, саноат ва савдо вазири.

Лазиз Қудратов мазкур ташаббус Ўзбекистон қурувчиларининг Европа бозорига чиқиши ва қитъада йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириши йўлидаги илк тарихий қадам бўлиб, келгусида бу каби йирик лойиҳаларни давом эттириш учун мустаҳкам замин яратишини қайд этди.

Маълум қилинишича, йиғилиш якунида саноат шериклигини ривожлантириш бўйича 2028-йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.

Erkin G‘aybullayev 1992-yilda Samarqand shahrida tug‘ilgan. Ma’lumoti — oliy. Samarqand davlat chet tillar institutini tugatgan. Magistraturani Janubiy Koreyadagi Namseul universitetida o‘qigan. Ingliz, rus tillarini mukammal biladi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар