Daryo

Эйфель минораси ходимлари аёллар ишдан четлатилгани сабаб иш ташлаш эълон қилди

Францияда ҳинду диний гуруҳи ташрифи чоғида аёл ходимларга ишлашга рухсат берилмади. Оқибатда ишчилар норозилик билдириб, Париждаги машҳур объектни бир кунга ёпиб қўйди.

1 дақиқа ўқиш2 412 кўришлар0 изоҳ0

Франциянинг Париж шаҳридаги Эйфель минораси 7 сентябрь куни ёпилди. Бунга ҳинду диний гуруҳи ташрифи чоғида аёл ходимларнинг четлаштирилганига норозилик сифатида ходимларнинг иш ташлаши сабаб бўлди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

7 сентябрь куни минорага келган ташрифчилар объектнинг очилиши “операцион сабабларга кўра кечикмоқда” деган ёзувни кўрди. Ходимлар баёнотига кўра, улар диний гуруҳ ташрифи чоғида “аёл ходимларнинг жинси сабабли четга сурилиши ёки алмаштирилиши”ни қораламоқда.

Ташриф буюрган гуруҳ Bochasanwasi Akshar Purushottam Swaminarayan Sanstha ҳаракатининг 100 га яқин эркагидан иборат бўлган. Минорани бошқарадиган SETE компаниясининг билдиришича, бу гуруҳ ташриф доирасида аёллар билан мулоқот чекланишини сўраган.

Париж мэри Эммануэл Грегуар бу ҳодисани қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб баҳолади.

“Аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенглик ҳеч қачон тарихий ёдгорликларимиз пойида ҳам, шаҳарнинг бошқа бирон бир жойида ҳам якун топмайди”, деди Грегуар.

SETE компанияси бу қарор хато бўлганини тан олди.

“Бу шартлар қабул қилинмаслиги керак эди”, дейилади SETE баёнотида.

Компания раҳбари Арел Веил AFP ахборот агентлигига SETE ушбу ҳолатдан зарур хулосалар чиқаришини айтди.

“Аҳолини кутиб олишда ҳеч қандай диний сабаб жинсий камситишни ёки бошқа дискриминацияни оқлай олмайди”, деб ёзди Веил ўзининг X платформасидаги саҳифасида.

Эйфель ходимларининг билдиришича, минора 8 сентябрь куни қайта очилади. Маълумот ўрнида, Франциянинг ташриф қоғозига айланган бу минорага йилига 7 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. Аввалроқ аномал иссиқ туфайли Эйфель 10 сантиметрга узайгани ҳақида хабар берилганди. 

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар