Францияда давлат харажатларини қисқартириш режалари ва ижтимоий таъминотдаги ўзгаришларга қарши кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. 2 октябрь куни мамлакат бўйлаб 200 дан ортиқ шаҳар ва шаҳарчаларда одамлар кўчаларга чиқиб, иш ташлаш эълон қилди. Намойишлар туфайли Париждаги машҳур Эйфель минораси вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Парижда тахминан 24 минг киши, жумладан ишчи, нафақахўр ва талабалар “Италия майдони”да юриш қилган. Мамлакат бўйлаб эса, касаба уюшмалари маълумотига кўра, 600 мингга яқин одам намойишларда қатнашган.
Намойишчиларнинг асосий талаблари – ижтимоий нафақаларни музлатиш, иқтисодий қисқартириш сиёсатини тўхтатиш ҳамда бадавлат фуқаролар учун солиқларни ошириш. Касаба уюшмалари янги тайинланган бош вазир Себастьян Лекорнуни аввалги ҳукумат таклиф қилган бюджет режасидан воз кечишга чақирмоқда.
Ҳозирча Лекорну бюджет режасининг тафсилотларини очиқламаяпти. У яқин кунларда ҳукумат аъзоларини тайинлаши ва парламентда умумий сиёсий йўналишни эълон қилиши кутилмоқда. У бугун, 3 октябрда турли сиёсий партиялар, жумладан ўнг қанот “Миллий митинг” партияси етакчиси Марин Ле Пен, шунингдек, социалистлар, яшиллар ва коммунистлар вакиллари билан учрашув ўтказади.
Бу орада, Франция темир йўл компанияси SNCF маълум қилишича, тезюрар поездлар одатдагидек ҳаракатланмоқда. Айрим маҳаллий йўналишларда узилишлар кузатилганди. Париж метросида ҳам ҳаракат деярли нормал ҳолатда, аммо айрим йўналишларда қатновлар камайган.
Ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг бир қисми ҳам иш ташлашга қўшилган. Бироқ сентябрь ойидаги норозиликларга нисбатан бу сафар қатнашчилар сони анча кам экани қайд этилган. Масалан, 18 сентябрь куни бутун Францияда ярим миллиондан ортиқ одам норозилик юришларида иштирок этган эди.
Собиқ бош вазир Франсуа Байру давлат қарзини камайтириш мақсадида 2026-йилгача 44 миллиард еврога тенг бюджет қисқартиришни, ҳатто икки жамоат байрамини бекор қилишни ҳам таклиф қилганди.
Францияда давлат қарзи ҳозирда 3,3 триллион еврони ташкил этмоқда – бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 114 фоизига тенг. Бюджет тақчиллиги 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5,8 фоизига етган – бу Евроиттифоқ белгилаган 3 фоизлик чегарадан анча юқори.








