Daryo

Бухорода томорқасида каннабис етиштирган фуқаролар аниқланди

Вилоятнинг икки туманида сотиш ва даромад топиш мақсадида тақиқланган экинларни парваришлаган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

1 дақиқа ўқиш2 186 кўришлар0 изоҳ0

Бухоро вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Бухоро ва Ромитан туманларида гиёҳвандлик ўсимликларини ноқонуний етиштириш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Бухоро туманининг Кунжиқалъа маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадони ва томорқасидан 46 туп каннабис аниқланган. Улар узоқ вақт парваришлангани сабабли йирик ҳажмга етган. Тайинланган экспертиза хулосасига кўра, ушбу тақиқланган экинлар келгусида сотиш ва моддий манфаат кўриш мақсадида етиштирилгани маълум бўлган.

Шунингдек, Ромитан туманида яшовчи фуқаронинг хонадони ва томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда у ҳам қонунга хилоф равишда каннабис экиб, парваришлаб келаётгани аниқланган. Хонадондан кўк рангли полиэтилен пакетга ўралган қуритилган модда ҳам топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда хонадон томорқасидан 839 туп каннабис топилган эди. Шунингдек, Қашқадарёда 201 кг каннабис, Тошкентда 2 кг гашиш мусодара қилингани ҳақида хабар берилганди.



Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар