Австрия мактабларида 14 ёшгача бўлган қизларнинг рўмол ўраши расман тақиқланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ушбу чеклов ҳукмрон коалиция томонидан таклиф этилган, у ҳижоб ва бурқага тааллуқли. Расмийлар бу қарорни “қизларнинг эркинлигини ҳимоя қилиш” мақсади билан изоҳламоқда. Тегишли қонун декабрда парламентда қабул қилинганди. Парламентдаги энг кичик фраксия — сўл қанотдаги “Яшиллар” ташаббусга қарши чиққан.
Мамлакат мусулмонлари манфаатини ҳимоя қилувчи Австрия Ислом диний жамияти бу тақиқни “инсоннинг асосий ҳуқуқларига зид” деб баҳолади. Улар бу масалани Конституциявий суд даражасида кўриб чиқишга ваъда берди. Маълумот учун, ушбу суд 2020 йилда бошланғич синф ўқувчиларига рўмол ўраш бўйича қўйилган аввалги тақиқни Австриядаги диний бетарафлик тамойилига зид деб топиб, бекор қилганди.
Янги тартибга кўра, ўқитувчилар дарсга рўмолда келган ўқувчи ва унинг қонуний вакиллари билан тушунтириш суҳбатларини ўтказиши шарт. Қоидабузарлик ҳолатлари такрорланса, болаларни ҳимоя қилиш хизмати огоҳлантирилади. Сўнгги чора сифатида эса ота-оналар ёки васийларга 800 еврогача жарима қўлланиши мумкин.
Маълумот ўрнида, Португалия президенти август ойида жамоат жойларида юзни беркитишни тақиқловчи қонунни тасдиқлади. Ўнг қанот вакиллари томонидан илгари сурилган тегишли чора мусулмон аёлларнинг юзни тўлиқ беркитувчи кийимларини тақиқлашни кўзда тутган.








