Хитойда ўқувчиларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган янги чоралар эълон қилинди. Эндиликда мактабларда ортиқча уйга вазифа бериш ва ўқувчиларнинг танаффус вақтини қисқартириш тақиқланади. Бу ҳақда мамлакат Таълим вазирлигига таяниб, Reuters хабар берди.
“Мактабларда имтиҳонларни тез-тез ўтказиш ва ўқув юкламасини ошириш ман этилади”, дейилади вазирликнинг WeChat’даги расмий баёнотида.
Мазкур қарор ўқувчиларга нисбатан босимни камайтириш ва уларнинг руҳий саломатлигини яхшилашга қаратилган сиёсат доирасида қабул қилинган. Хитой болалардан доимий юқори натижа талаб этиладиган ёндашувдан воз кечмоқда.
Хитой мактабларида ортиқча уй вазифалари бериш кенг тарқалган, бу эса ўқувчиларда уйқусизлик, хавотир ва депрессияга сабаб бўлмоқда. 2025 йил ноябрида мактабларга уй вазифалари ҳажмини “қатъий назорат қилиш” ва ўқувчилар учун кунига камида икки соат жисмоний фаолликни таъминлаш талаби қўйилган эди. Шунингдек, боғчаларда бошланғич синф дастурини олдиндан ўқитиш қатъиян ман этилган.
Янги қарорга асосан бошланғич ва ўрта мактабларга ўқувчиларни саралаш мақсадида имтиҳонлар ўтказиш тақиқланади. Бундан ташқари, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаганларни “кўкларга кўтаргани” учун ўқитувчиларни рағбатлантириш ёки жазолаш ҳам тақиқланади.
Ўқитувчилар ўқувчиларнинг танаффус вақтида синфдан чиқишига тўсқинлик қилмаслиги лозим. Хитой мактабларида ёзги-қишки таътилга қўшимча равишда баҳор ва кузги таътиллар ҳам жорий этилган.








