Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, давлат рўйхатидан ўтиш 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда амалга оширилиши мумкин.
Президент ҳузуридаги мажлисда қайд этилишича, янги тизим доирасида барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлайди.
Мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими ҳам жорий этилади. Баҳолаш босқичма-босқич — дастлаб фундаментал ва клиник фанлар, кейинчалик мутахассислик бўйича ўтказилади. Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар банки ҳамда замонавий симуляцион базалар ташкил этилади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга уни қайта топшириш имконияти берилади.
2030 йилдан давлат рўйхатидан ўтмаган мутахассисга тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғулланиш имконияти берилмаслиги таклиф қилинмоқда. Давлат рўйхатидан ўтказиш ва мутахассислар малакасини баҳолаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида марказ фаолияти йўлга қўйилади.
Янги тизимга ихтиёрий равишда эртароқ қўшилган ходимларни рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига эса 2,5 бараваригача устама тўлаш таклиф этилган.
Бундан ташқари, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун узлуксиз касбий таълим тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Тизим кредит-модул тамойилига асосланади: олий маълумотли ходимлар ҳар йили камида 50 кредит, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эса 28 кредит тўплаши белгиланмоқда. Ушбу кредитлар давлат рўйхатидан ўтиш ва касбий малакани тасдиқлашда ҳисобга олинади.
Ушбу йиғилишда 2027/2028-ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларида “Даволаш иши” йўналиши ўрнига 6 йиллик “Умумий тиббиёт” бакалавриат дастурини жорий этиш ҳам таклиф қилинганди. Янги дастур бўйича талабалар дастлабки 5 йил давомида таълим олади, сўнг бир йил тўлиқ амалий тайёргарликдан ўтади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга оилавий шифокор сифатида ишлаш имконияти берилади.








