Daryo

Тадбиркорлар 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади

Бунинг учун лидер тадбиркор 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим бўлади. 10 та оила билан кооперация қилса, 500 млн сўмгача гаровсиз кредит олиш имконияти берилади.

2 дақиқа ўқиш3 697 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистонда тадбиркорлар 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларининг лойиҳалар билан ишлаш кўникмаларини танқидий баҳолади.

Уларнинг аксарияти кимга кредит кераклиги, қайси лойиҳани лизинг, факторинг, кафолат, суғурта, айланма маблағ ёки шартнома асосида молиялаштириш мумкинлигини тушунмаслиги қайд этилди.

Банкирлар ва ҳоким ёрдамчилари лойиҳа тайёрлашдан олдин ҳамон “Гарови борми?” деган саволни қўяётгани танқид қилинди.
Тадбиркорларга кредит ажратишда бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани, кредитни қайтариш графиклари эса бизнес турига мослаштирилмагани кўрсатиб ўтилди. Кредитларни қайтариш муддатларини деҳқончилик, савдо ва бошқа бизнес йўналишларининг ўзига хос хусусиятларига мослаштириш зарурлиги таъкидланди.

Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилиши белгиланди.
Туман штаблари кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, маблағни қайтариш муддатини узайтириш ва тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни мустақил ҳал қилади.

Шунингдек, инклюзив молиялаштириш масалалари ҳам штаблар ваколатига ўтказилади.

Қайд этилишича, ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 миллиард сўм ресурс мавжуд. Туман штабларига маҳаллий шароит ва лойиҳаларнинг самарадорлигидан келиб чиқиб, молиялаштириш масалаларини мустақил ҳал этиш имконияти берилади.

Лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Йиғилишда камбағаллик даражаси тушиб, эҳтиёжманд аҳоли сони камайгани, бироқ айрим маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича масъуллар фаолиятида натижа етарли эмаслиги айтилди. Шавкат Мирзиёев айрим ҳудуд раҳбарлари одамларни ишли қилишга билими ёки тоқати етмаётганини танқид қилди. Ўзбекистонда камбағаллик билан ишлаш бўйича янги тизим жорий қилиниши, ҳокимлар ҳафтада 3 кун камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланиши белгиланди. 

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар