Давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари ҳудудларда “бизнес имкониятлари”ни ошириш, минглаб гектар бўш ер ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активларини тўлақонли иқтисодий айланмага киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, тадбиркорлар учун қуйидаги енгилликлар яратилиши белгиланди:
- олти ойда тўлиқ тўловни амалга оширган тадбиркорларга 25 фоиз чегирма берилади;
- сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолган қисмини 7 йилда фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади;
- уч ой давомида сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади ҳамда аукцион муддати икки баробар қисқартирилади.
Шунингдек, аукционда ер сотиб олган тадбиркор қурилишни бошлаш учун 6 ойдан 1 йилгача ҳужжат йиғиб юришига барҳам берилиб, ҳокимлар ерни қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан “тайёр пакет” шаклида савдога чиқариши белгиланди. Бундай ерни олган тадбиркор қурилишни дарҳол бошлаши мумкин бўлади, инфратузилма йиғими бўйича аванс ҳам 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.
Бундан ташқари, банклар балансидаги 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулкни чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади. Уни сотиб олган тадбиркор бир йил ер ва мулк солиғини тўламайди.
Биринчи навбатда маҳаллийлаштириладиган 50 та маҳсулот рўйхати шакллантирилиб, уларни ўзлаштириш учун Навоий, Жиззах, Наманган, Ургут ва Ҳазорасп махсус иқтисодий зоналарининг бир қисмида “Бонд саноат зоналари” ташкил этилади. Бу зоналарга хом ашё ва бутловчи қисмларни олиб киришда барча солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинади, маҳаллийлаштириш даражаси 30—40 фоиздан ошса, маҳсулотни ички бозорга чиқаришда ҳам имтиёзли шартлар қўлланади.
“Бонд саноат зоналари”да замонавий R&D марказлари, лаборатория, муҳандислик ва технологик хизматлар ягона занжирда ишлайди, тадбиркорларга инфратузилмали тайёр бинолар тақдим этиш учун 50 миллион доллар ажратилади.








