Daryo

Хоразмда 176 млн долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилди

Президент рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва қурилиш ишларига старт берди. Инвесторлар ва фаоллар билан мулоқот бўлиб ўтди.

2 дақиқа ўқиш4 674 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёев иштирокида Хоразм вилоятидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, умумий қиймати 176 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилди. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида 7,424 миллиард долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги тўққиз йилда вилоятга 7,5 млрд доллар инвестиция киритилиб, 9,7 мингта янги қувват ишга туширилган. Кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига 33 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилган. Натижада аҳолининг реал даромадлари икки баробар ошган, ишсизлик 4,5 фоизгача тушган, камбағаллик даражаси эса 4,4 фоизни ташкил этган.

Янги лойиҳалар орасида Тупроққалъа туманида БАА ҳамкорлари билан 6 миллиард долларлик экологик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси, 170 миллион долларлик биоэтанол корхонаси, Урганч шаҳрида 30 миллион долларлик 250 ўринли меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуаси, шунингдек, Урганч туманида кореялик инвесторлар иштирокида 100 млн долларлик чиқиндидан 71 мегаватт “яшил” энергия ишлаб чиқариш лойиҳаси бор.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Хива яқинида 120 миллион долларлик “Саҳро юлдузи” туристик мажмуаси, Урганч туманида 26 миллион долларлик мис саноати кластери ва 60 миллион долларлик оптик толали кабеллар ишлаб чиқариш корхонаси, Ал-Хоразмий шаҳарчасида 5 минг талабага мўлжалланган университет барпо этилиши режалаштирилган. Умуман, лойиҳалар натижасида 6,6 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Тақдимот давомида Урганч—Хива электрлаштирилган темир йўл линияси ҳам фойдаланишга топширилгани қайд этилди. Шунингдек, Урганч—Хива пулли автомобил йўли ишга туширилмоқда. У мамлакатдаги илк пулли автомобил йўли бўлиб, ундан фойдаланиш натижасида Урганчдан Хивага етиб бориш вақти 45 дақиқадан 20 дақиқагача қисқариши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари мазкур лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар ва жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирди. Президент рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва қурилиш ишларига старт берди. Инвесторлар ва фаоллар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Хива шаҳрида Хитойнинг Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Президент Шавкат Мирзиёев филиал ва Конфуций институти фаолияти билан танишган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар