Daryo

Шавкат Мирзиёев янги темир йўл орқали Урганчдан Хивага борди

Хивада президент Урганч халқаро аэропорти ва Хива темирйўл вокзалини боғлайдиган йўналишда қатновга қўйиладиган янги троллейбусларни ҳам кўздан кечирди.

2 дақиқа ўқиш5 020 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёев 17 август куни Урганч халқаро аэропорти ва Хива темирйўл бекатини боғлайдиган темир йўл линияси билан танишди ва бу йўналишга қўйилган янги электропоездда Хивага келди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, қиймати 225 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида Урганч халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги темирйўл линияси қурилди. Унда бир бекат, кўприк, автомобил йўллари билан кесишмалар ва 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳни ташиш имконияти яратилди. Хива ва Урганч ўртасидаги қатнов вақти икки баробар қисқариб, 80 дақиқадан 40 дақиқага тушади. 30 га яқин янги иш ўрни ташкил этилди. Аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган бундай лойиҳа мамлакатда биринчи марта амалга оширилди. Урганч халқаро аэропорти – Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олти вагондан иборат мазкур электропоезд бир вақтнинг ўзида қарийб 400 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга. У соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланади. Вагонларда VIP, бизнес ва эконом-класс ўринлари, бепул Wi-Fi, электрон қурилмаларни қувватлаш имконияти, замонавий кондиционер ва иситиш тизимлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига келди. Хивада президент Урганч халқаро аэропорти ва Хива темирйўл вокзалини боғлайдиган йўналишда қатновга қўйиладиган янги троллейбусларни ҳам кўздан кечирди.

Қайд этилишича, 2026 йил июль ойида Хитойдан олиб келинган 10 та троллейбус замонавий автоном ҳаракатланиш тизими билан жиҳозланган бўлиб, электр тармоғига уланмаган ҳолда ҳам 100 километргача йўл босиши мумкин. Ҳар бир троллейбус 87 нафар йўловчига мўлжалланган. Уларда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва болали йўловчилар учун қулайликлар, USB ва Тupе-C портлари, ички ва ташқи кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, ҳайдовчи ҳолатини кузатиш, ҳаракат йўлагидан чиқиб кетишдан огоҳлантириш ва автоматик ёнғин ўчириш каби хавфсизлик тизимлари мавжуд.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу замонавий транспорт воситаларини олиб келиш ташаббуси президентимизнинг ўтган йилги Хоразм вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган эди.

Давлат раҳбари транспорт турларини ўзаро уйғунлаштириш аҳоли ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш, йўлга кетадиган вақтни қисқартириш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Мутасаддиларга йўловчилар учун хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар