Daryo

Сурхондарё вилоятининг электр таъминоти тўлиқ тикланди

Авария вақтида режали таъмирда бўлган 500 кВт кучланишли электр узатиш тармоғи ишга туширилди, аварияга қарши автоматика ва энергия сақлаш тизимлари эса энерготизим барқарорлигини сақлашга ёрдам берди.

1 дақиқа ўқиш4 180 кўришлар0 изоҳ0

Сурхондарё вилоятида юзага келган электр таъминотидаги узилишлар тўлиқ бартараф этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 14:38 да Марказий Осиё ягона энергетика тизимида аварияли ҳолат юзага келган. Натижада Ўзбекистон ва қўшни давлатларда электр таъминотида узилишлар кузатилган.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” компаниясининг электр тармоқлари ва подстансияларида аварияга қарши автоматика тизимлари ўз вақтида ишга тушиб, авариянинг Ўзбекистон энерготизимида кенгайиб кетишининг олдини олган. Шунингдек, қисқа вақт ичида йўқолган қувватни қоплашда энергия сақлаш тизимларидаги захира энергияни тармоққа тезкор узатиш муҳим рол ўйнаган.

Сурхондарё вилояти электр энергияси билан асосан иккита 500 кВт кучланишли электр узатиш тармоғи орқали таъминланади. Улардан бири қўшни давлат ҳудудидан, иккинчиси Қашқадарё вилояти ҳудудидан электр етказиб беради.

Авария юз берган вақтда ушбу икки тармоқдан бирида режали таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу сабабли қўшни давлатдан электр энергияси келадиган тармоқдаги узилиш вилоят таъминотини тезда тўлиқ тиклаш имконини чеклаган.

Тезкор чоралар натижасида режали таъмирдаги 500 кВт лик электр узатиш тармоғи хавфсизлик талабларига мувофиқ ишга тайёр ҳолатга келтирилиб, қайта ишга туширилган. Шундан сўнг Сурхондарёда электр таъминоти босқичма-босқич тўлиқ тикланган.

Вазирлик ушбу ҳолатда энергия сақлаш тизимлари ва аварияга қарши автоматика технологияларининг энерготизим барқарорлиги ҳамда энергетика хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамияти намоён бўлганини қайд этди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар