Франция ва Испанияда аномал иссиқ, қуруқ ҳаво ва кучли шамол сабабли йирик ўрмон ёнғинлари авж олди. Икки мамлакатда хавфли ҳудудлардан 300 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Бу ҳақда Deutsche Welle ва BBC хабар берди.
Франциядаги вазият
Мамлакатда ўрмон ёнғинлари туфайли 115 минг гектар ер ёниб кетди. Бу кўрсаткич аввалги рекордни (98 минг гектардан ошган) янгилади. Мамлакат президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига кўра, Франция Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери рекорд даражадаги табиий ёнғинларга дуч келди. Ёнғиннинг тарқалишига аномал иссиқ, қуруқ ўсимликлар ва кучли шамол сабаб бўлмоқда.
https://twitter.com/BPartisans/status/2081074132825874683
- 2,5 минг нафар ўт ўчирувчи ва 18 та самолёт;
- 1,5 минг нафар ҳарбий хизматчи;
- эвакуация ва ҳудудларни қўриқлаш учун 1,2 минг нафар полициячи ҳамда жандарм;
- қутқарув ишларига 450 нафар кўнгилли ҳам жалб этилган.
https://twitter.com/surajit_ghosh2/status/2081148885498773898
Испанияда ҳам аҳвол ўта мураккаблигича қолмоқда. Ўт ўчирувчилар пойтахт Мадриднинг ғарбида авж олган иккита йирик ёнғин ўчоғининг бир-бирига қўшилиб кетишига йўл қўймаслик учун курашмоқда. Мадрид ва Авила атрофидаги ҳудудлардан 90 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойларга кўчирилган. Жабрланганлар сони ҳали очиқланмаган бўлса-да, Валенсияда ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Халқаро ёрдам ва ҳамкорлик
Вазиятнинг жиддийлигини инобатга олган ҳолда Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари Франция ва Испанияга зудлик билан махсус техника ҳамда қўшимча кучлар юбормоқда.
Францияга кўмак: Хорватия ва Португалиядан 2 тадан ёнғинга қарши самолёт, Чехия ва Словакиядан эса 2 та оғир Black Hawk вертолётлари етиб келиши кутилмоқда. Шунингдек, Швейцария қутқарувчилар гуруҳи ҳам жойларда иш олиб бормоқда.
Испанияга кўмак: Италия ҳаводан ўт ўчиришга мўлжалланган 2 та Canadair амфибия самолётини юборган. Бундан ташқари, Мадрид Грециядан худди шундай 2 та самолёт, шунингдек, Нидерландия ва Португалиядан юборилган авиация техникасидан фойдаланади.








