Испания миллий жамоаси 2026-йилги Жаҳон чемпионати яримфиналида Францияни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўзига хос рекорд ўрнатди. Opta Sports статистик портали хабарига кўра, Испания йирик халқаро турнирлар (Жаҳон ва Европа чемпионатлари) плей-офф босқичида кетма-кет саккизта ўйинда ғалаба қозонган тарихдаги биринчи Европа терма жамоасига айланди.
Луис де ла Фуэнте шогирдларининг ушбу ноёб серияси Евро-2024 турниридан бошланган. Ўша мусобақанинг плей-офф босқичида испанлар кетма-кет Грузия (4:1), Германия (2:1), Франция (2:1) ҳамда Англия (2:1) терма жамоаларидан устун келган эди.
Айни пайтда давом этаётган ЖЧ-2026 мусобақасида эса Испания плей-офф баҳсларида мос равишда Австрия (3:0), Португалия (1:0), Бельгия (2:1) ва кечаги ярим финалда Франция (2:0) терма жамоаларини мағлубиятга учратди.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 нинг ҳал қилувчи финал баҳсида Испания Англия ёки Аргентина терма жамоалари ўртасидаги учрашув ғолибига қарши майдонга тушади. Беллашув 19 июлдан 20 июлга ўтар кечаси бўлиб ўтади.








