Испания 24 июль куни ўрмон ёнғинлари сабабли ўз тарихида биринчи марта миллий миқёсдаги фавқулодда ҳолат эълон қилди. Европада давом этаётган аномал иссиқ кучли ёнғинларни келтириб чиқармоқда ва ўн минглаб одамларни эвакуация қилишга мажбур қилмоқда. Францияда ҳам вазият оғир, мамлакат Атлантика соҳили яқинидаги ёнғинларни ўчириш учун Европа Иттифоқидан ёрдам сўради.
Франция расмийлари йирик ўрмон ёнғини сабабли машҳур сайёҳлик маскани бўлган Кап Ферре яриморолини тўлиқ эвакуация қилишга буйруқ берди. Расмийларнинг билдиришича, ҳудуддан 40 мингга яқин одам кўчирилди. Уларнинг кўпчилиги қайиқлар ва кемаларда хавфсиз жойларга олиб ўтилди.
Испанияда пойтахт Мадриднинг ғарбидаги тоғли шаҳарчалардан 10 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Ушбу ҳудудда ҳамда қўшни Авила вилоятида учта йирик ёнғин авж олмоқда. Шу сабабли ҳукумат миллий фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу режим ҳукуматга ҳаракатларни тўғридан тўғри мувофиқлаштириш ва назоратни ўз қўлига олиш имконини беради.
Испанияда ўрмон ёнғини сабабли бундай чора биринчи марта қўлланиши. Мамлакатда охирги марта бундай даражадаги фавқулодда ҳолат 2025 йилда бутун республика бўйлаб электр энергияси ўчиб қолганида эълон қилинган эди.
“Бундай ҳолатни ҳеч қачон кўрмаганман”
Авила вилоятининг Навалуэнга шаҳарчасида маҳаллий аҳоли тутундан сақланиш учун ниқоб таққан ҳолда ўт ўчириш вертолётларини кузатди. Вертолётлар 23 июль куни кечқурун шаҳарча дарёсидан сув олиб ёнғин зонасига ташлади.
“Мен бу ерда 36 йилдан бери яшайман ва илгари ҳеч қачон бундай ҳолатни кўрмаганман. Буни умуман кутмаган эдим. Кеча кечқурун улар ёнғинни назоратга олади деб ўйлагандим, лекин кеч бўлганди ва ҳаммаси назоратдан чиқиб кетганди”, дейди маҳаллий аҳоли вакили Ҳавер Мартин Reuters агентлигига.
Испания расмийларининг маълум қилишича, талафот кўрган ҳудудларга 270 дан ортиқ фавқулодда вазиятлар ходими ва 40 та техника гуруҳи сафарбар этилган. Шунингдек, уларга Ҳарбий фавқулодда вазиятлар бўлинмаси ҳарбий хизматчилари ҳам ёрдам бермоқда.
Европа Иттифоқининг Ўрмон ёнғинлари бўйича ахборот хизмати маълумотларига кўра, бу йил Испанияда 350 дан ортиқ ёнғин содир бўлган. 2025 йилда эса ёнғинлар оқибатида рекорд даражадаги катта майдон кулга айланган эди.
Франция Европа Иттифоқидан ёрдам сўради
Франция ҳукуматининг Кап Ферре ҳудудини тўлиқ эвакуация қилиш ҳақидаги буйруғи ёнғиннинг қанчалик жиддий эканини кўрсатмоқда. Бу ҳудудда кўплаб қимматбаҳо кўчмас мулклар жойлашган. Ҳозирда у ер кемпинглар ва ижарага олинган уйларда ёзги таътилни ўтказаётган сайёҳлар билан тўла.
Франция президенти Эммануэл Макрон Кап Ферредаги ёнғинга қарши курашиш учун Европа Иттифоқидан ёрдам сўраганини айтди. Бу ёнғин ҳозиргача 8700 гектар майдонни кулга айлантириб бўлган.
“Франция Европа Иттифоқининг фуқаро муҳофазаси механизмини ишга туширишни сўради”, деб ёзди Макрон ўзининг Хъдаги саҳифасида.
Унинг қўшимча қилишича, Европанинг бошқа мамлакатларидан бир нечта махсус ўт ўчириш самолётлари тез орада ёрдамга етиб келади. Куни кеча Францияда ёнғинлар сабаб 20 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани ва ёнаётган майдонлар 2400 гектарга етгани ҳақида маълумот берилганди.








