Ўзбекистонда 2026/27 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларида давлат стипендиялари квоталари эълон қилинди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 02/10-5795-сонли хати билан 2026/27 ўқув йили учун республикадаги олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимида давлат стипендиялари квоталари тасдиқланди. Унга кўра, янги ўқув йилида иқтидорли талабалар учун жами 776 та президент ва номли давлат стипендияси ажратилади.
Стипендиялар қуйидагича тақсимланган:
- президент стипендияси — 187 та;
- Ислом Каримов стипендияси — 194 та;
- Навоий стипендияси — 175 та;
- Бобур стипендияси — 51 та;
- Имом ал-Бухорий стипендияси — 44 та;
- Беруний стипендияси — 38 та;
- Ибн Сино стипендияси — 33 та;
- Абдулла Авлоний стипендияси — 16 та;
- Улуғбек стипендияси — 13 та;
- Тўлепберген Қаипбергенов стипендияси — 11 та;
- Ибройим Юсупов стипендияси — 11 та;
- Паҳлавон Маҳмуд стипендияси — 3 та.
Мазкур стипендиялар республика бўйича юқори босқичларда таҳсил олаётган 335 471 нафар талаба орасидан ўқишдаги юқори натижалари, илмий ва жамоатчилик фаолияти билан ажралиб турган энг муносиб номзодларга берилади.
Номли давлат стипендияларини тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилган бўлиб, 2026/27 ўқув йилидан бошлаб номли давлат стипендияларига талабгорларнинг ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи ҳамда хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ҳудудлар кесимида ўтказиладиган махсус тест синовлари орқали баҳоланади.
Ўзбекистонда 2026/27 ўқув йилидан бошлаб техникумларда дуал таълим шаклида ўқиётганларга ҳам стипендия тўлаш бошланади. Вазирлар Маҳкамасининг 30 июндаги қарори билан уни тўлаш тартиби белгиланганди.








