Марокаш миллий жамоаси ҳужумчиси Исмоил Сайбари жароҳатидан тўлиқ тикланишга улгурмади ва Жаҳон чемпионатининг чорак финалида Францияга қарши майдонга туша олмайди.
Марокаш миллий жамоаси бош мураббийи Муҳаммад Уаби ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Сайбарининг ҳолати юзасидан маълумот берди:
“Сайбаридан ташқари Марокаш миллий жамоасининг барча футболчилари Францияга қарши баҳсга тайёр. Унинг майдонга қайтишига ҳали бир оз эрта. Умид қиламанки, ҳужумчимиз учун турнир ҳали якунланмайди”, деди Уаби.
Эслатиб ўтамиз, Исмоил Сайбари 1/8 финалдан ўрин олган Канадага қарши ўйиннинг (3:0) 22-дақиқасида жароҳат олиб, захирага олинган эди. 6 июль, душанба куни 24 ёшли футболчи МРТ текширувидан ўтди ва унда тизза ости пайининг енгил жароҳати аниқланди.
Маълумот ўрнида, Сайбари жорий мусобақа доирасида ўтказилган бешта ўйинда жами учта гол уришга муваффақ бўлган ҳамда айни пайтда Жаҳон чемпионатида марокашликларнинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Франция — Марокаш учрашуви бугун, 9 июлдан 10 июлга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00 да бошланади.








