АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичи якунлангач, Opta статистик портали турнир ғолиблиги учун даъвогарлар рейтингини янгилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, Франция миллий жамоасининг чемпионлик имконияти аввалгига нисбатан яна бир оз пасайган бўлса-да (27,32 фоиз), улар ҳамон асосий фаворит бўлиб турибди. Испания миллий жамоаси 21,33 фоизлик имконият билан иккинчи ўринни банд этган. Энг асосий ўзгариш учинчи поғонада юз берди: амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина ўз имкониятларини 17,28 фоизга ошириб, Англия миллий жамоасини (16,48 фоиз) ортда қолдирди ва яна кучли учликка қайтди.
Қуйи ўринларда ҳам ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, Швейцария ўз имкониятларини бир оз яхшилаб, Марокаш ва Бельгияни ортда қолдирган ҳолда 6-ўринга кўтарилиб олди.
Суперкомпютер талқинига кўра, ЖЧ-2026 ғолиблиги учун жамоаларнинг янгиланган имкониятлари қуйидагича:
- Франция — 27,32%
- Испания — 21,33%
- Аргентина — 17,28%
- Англия — 16,48%
- Норвегия — 6,57%
- Швейцария — 3,78%
- Марокаш — 3,66%
- Бельгия — 3,58%
Асосий даъвогар ҳисобланган Франция миллий жамоаси шу вақтгача ўтказилган бешта ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Тўплар нисбати эса кўпчиликни ҳайратда қолдирмоқда — 14:2. Французлар турнир давомида кетма-кет Сенегал (3:1), Ироқ (3:0), Норвегия (4:1), Швеция (3:0) ва Парагвай (1:0) миллий жамоаларини мағлубиятга учратди.
Маълумот ўрнида, 2026-йилги Жаҳон чемпионати 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.








