ЖЧ-2026 мусобақасининг 1/16 финал босқичидан ўрин олган Франция ҳамда Швеция миллий жамоалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. АҚШнинг Ист-Ратерфорд шаҳридаги “Метлайф” стадионида бўлиб ўтган мазкур ўйинда Франция миллий жамоаси 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди.
Учрашувдаги ҳисоб 45-дақиқада Килиан Мбаппе томонидан очилди. Иккинчи бўлимнинг 53-дақиқасида Бредли Барколя орадаги фарқни оширган бўлса, 74-дақиқада Мбаппе ўз дубльини расмийлаштириб, ўйинга якуний нуқтани қўйди.
Энди Франция миллий жамоаси турнирнинг 1/8 финалида 5 июль куни Парагвайга қарши майдонга тушади.
Жаҳон чемпионати
1/16 финал босқичи
Франция — Швеция 3:0
Голлар: 1:0 — Килиан Мбаппе (45), 2:0 — Бредли Барколя (53), 3:0 — Килиан Мбаппе (74).
Маълумот учун, ЖЧ-2026 мусобақаси 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда. Амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина миллий жамоаси ҳисобланади. 2022-йили Қатарда ўтказилган турнир финалида аргентиналиклар айнан Франция миллий жамоасини 3:3 (пенальтилар сериясида — 4:2) ҳисобида мағлуб этган эди.








