Daryo

Ўзбекистон энергетика тизимида коррупция учун судланган барча ходимлар ишдан олинади

Вазирликда йиғилиш ўтказилиб, барча тизим раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Электр тармоқлари ва подстанциялар ишончли ишлашини таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди. Тошкентда электр таъминотидаги авариялар бўйича махсус комиссия иш бошлади.

1 дақиқа ўқиш5 100 кўришлар0 изоҳ0

Энергетика вазирлигида соҳадаги долзарб масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилиб, барча тизим раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 4 июнда бўлиб ўтган йиғилишда Президент администрацияси, Бош прокуратура, қатор вазирлик ва идоралар, ёнилғи-энергетика тизими ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарияти иштирок этди. Унда юқори ҳаво ҳарорати шароитида электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, ёнилғи-энергетика соҳасида коррупцияга қарши курашиш, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Қайд этилишича 2026 йил ёзида электр энергиясига талаб ўтган йилга нисбатан юқори бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан электр тармоқлари ва подстанциялар ишончли ишлашини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда бригадаларнинг доимий шай ҳолатда бўлиши юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилган авариявий узилишлар юзасидан махсус комиссия иш бошлагани қайд этилди. Комиссия авария сабаблари, ускуналарнинг техник ҳолати, реконструкция ишлари сифати ҳамда аварияга қарши ҳимоя тизимлари самарадорлигини ўрганади.

Аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, cалл-марказлар фаолиятини кучайтириш ҳамда авариявий ҳолатлар бўйича аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш зарурлиги таъкидланди.

Энергия самарадорлиги масаласи ҳам муҳокама қилинди. Электр энергияси ва табиий газни тежаш режалари таҳлил қилиниб, айрим йирик корхоналарда энергия ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари кескин танқид қилинди. Масъулларга энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, эски ускуналарни янгилаш ва тежаш кўрсаткичларини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Шунингдек, дебитор ва кредитор қарздорликлар танқидий муҳокама қилинди. Қарздорликларни қисқартириш бўйича қарорлар ижросини таъминламаётган раҳбарлар қатъий огоҳлантирилиб, аниқ чоралар кўриш вазифаси белгиланди.

Хабарда билдирилишича, йиғилишда коррупцияга қарши курашиш ишлари кескин танқид қилинди, коррупция учун судланган барча ходимлар ишдан бўшатилиши айтилди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги тизим корхоналари раҳбарларини тўлиқ аттестациядан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди. Соҳада коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилувчи махсус кенгаш ташкил этилиши маълум қилинди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар