2026 йил 1 июлдан Ўзбекистондаги дорихоналарда 2 минг 500 номдаги рецепт асосида сотиладиган дорилар нархлари пасайтирилди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Агентлик матбуот котиби Анвархон Акабиров қатор турдаги дори воситалари нархларига янги чегара (референт нарх) ўрнатилганини айтиб ўтди. Жумладан, антибиотиклар ва микробларга қарши воситалар 50,1 фоизгача арзонлаштирилган.
Юрак-қон томир тизими дорилари қиймати 37 фоизгача, асаб тизими дори воситалари нархлари 40 фоизгача туширилган. Яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи дорилар 42 фоизгача арзонлаштирилган.

“2026 йил 1 июндан бошлаб мазкур дори воситаларини аввал амалда бўлган референт нархларда реализация қилиш имконияти мавжуд эмаслигини маълум қиламиз. Солиқ қўмитаси ахборот тизимларида референт нархлардан юқори нархларда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар автоматик тарзда назорат қилиниб, уларни юбориш имконияти чекланади”, деди Анвар Акабиров
Агентлик вакили дори воситалари нархлари давлат томонидан доимий тартибга солинаётганига урғу берган. Нархлар асоссиз оширилмаслиги ва бозорда шаффофликни таъминлаш учун референт нарх шакллантириш тизими жорий этилганини эслатган.
Қайд этилишича, референт нархларни ҳисоблаш халқаро амалиётдан келиб чиқиб амалга оширилади. Бунда биринчи навбатда референт давлатлардаги ўртача қиймат эътиборга олинади. Ўз навбатида дорилар ишлаб чиқарувчи мамлакатдаги нархлар таққосланади. Шу билан бирга, сўнгги бир йилда Ўзбекистонга импорт қилинган дори воситалари бўйича шартномалар нархлари инобатга олинади.
Агентлик рецептли дориларнинг чекланган нархларига оид маълумотлар pharm.gov.uz веб сайтида эълон қилинганини қайд этган. Фуқаролар зарур дорилар нархларини мустақил равишда текшириши мумкинлиги билдирилган. Дорилар харид қилиш пайтида “ПҳармУз” мобил иловасидан ҳам фойдаланиш мумкин. Илова орқали рецепт асосида сотиладиган дори воситаларининг чекланган ва амалдаги чакана нархларини солиштириш имкони бор.
Бундан бир йил олдин агентлик директори Абдулла Азизов рецепт билан сотиладиган дорилар референт нархларини пасайтириш устида ишланаётганини айтганди. Рецептсиз дори воситаларидан эса референт нархлар олиб ташланиши билдирилган.
Ўзбекистон дори воситаларининг 80 фоизини хориждан импорт қилади. Шундан келиб чиқиб, дорихоналарда рецепт асосида сотиладиган дориларга чет элдаги қийматлар таққосланиб, ўртача мезон сифатида референт нарх ўрнатилган. Қоидага кўра, дорихона маълум дори воситаларини белгиланган референт қийматидан юқори нархга сотиши тақиқланади.
Бундан бир йил илгари мамлакатда 8 мингга яқин рецептли дори воситалари сотилаётгани айтилганди. Абдулла Азизов улардан ҳар бирининг нархи ўрганилиб, сотув қиймати бўйича аниқ чегара белгилаш кўзда тутилганини маълум қилган.








