Daryo

Грузия пойтахтида Алишер Навоий ҳайкали очилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

1 дақиқа ўқиш4 475 кўришлар0 изоҳ4

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида ўзбек халқининг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе иштирок этди.

Тбилиси шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги маданий алоқалар тарихида яна бир муҳим воқеа экани, икки халқнинг азалдан савдо йўллари, дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлангани, икки мамлакатнинг бой маданий мероси бир-бирига қизиқ экани алоҳида таъкидланди.

Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири Шота Руставелининг номи билан аталиши, грузин мумтоз адабиётининг буюк намояндасига ҳайкал ўрнатилгани унинг ижоди Ўзбекистонда қадрланиши сифатида эътироф этилди. Ўз навбатида, жорий 2026-йилда Тбилиси марказий боғларидан бирига Алишер Навоий номи берилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари, Тошкент шаҳрида эса Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Маросимда Алишер Навоий жаҳон адабиётининг буюк намояндаси экани, унинг бебаҳо ижоди асрлар давомида одамларни инсонпарварлик, маърифат, тафаккур ва ўзаро ҳурматга чорлаб келаётгани таъкидланди.

Тбилиси шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали Ўзбекистон ва Грузия халқлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзи бўлишига ишонч билдирилди.

Маълумот учун, Алишер Навоий ҳайкали  2024-йилда Анқарада, 2021-йилда Остонада ўрнатилган бўлса, 2021-йилнинг 16 декабрида Сеул шаҳри марказида шоир ва мутафаккир бюсти очилди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар