Daryo

АҚШда вақтинча мақомга эга мигрантларга доимий яшаш ҳуқуқини олиш ёки мамлакатни тарк этиш буюрилди

Бу мақом уларни уруш ва қашшоқлик гирдобида қолган ватанига депортация қилинишдан ҳимоя қиларди. Қўшма Штатлардан кетмоқчи бўлганларга самолёт чиптаси ва 2100 доллар берилади.

2 дақиқа ўқиш10 232 кўришлар0 изоҳ5

АҚШда вақтинчалик ҳимояланиш мақоми (Temporary Protected Status/TPS) билан юрган мигрантлар доимий яшаш ҳуқуқини олишга ҳаракат қилиши ёки ўз ватанига қайтиб кетиши лозим. Бу ҳақда АҚШ ички хавфсизлик вазири Марквейн Муллин 28 июнь куни маълум қилди.

Вазир бу фикрларни CNN телеканалининг 
State of the Union 
дастурида айтди. Ўтган ҳафтада Олий суд президент Дональд Трамп маъмуриятига юз минглаб гаитилик ва суриялик иммигрантларни вақтинча ҳимоя мақомидан маҳрум қилишга рухсат берган. Бу мақом уларни уруш ва қашшоқлик гирдобида қолган ватанига депортация қилинишдан ҳимоя қилар эди. Аммо Олий суд судьяларининг қарори бир хил бўлмади, овозлар бўлиниб кетди. 

“Ҳужжатларни расмийлаштириб, бу ерда доимий мақомда қолишга ҳаракат қилинг ёки юртингизга қайтишингизга ёрдам берамиз. Биз ҳатто сизга самолёт чиптаси ва у ерда қайта жойлашиб олишингиз учун қарийб 2100 доллар пул берамиз. Бироқ вақтинча ҳимоя мақоми, судлар таъкидлаганидек ва унинг номидан ҳам кўриниб турибдики, доимий мақом ҳисобланмайди”, деди Муллин.

Федерал қонун ҳукуматга уруш, табиий офатлар ёки бошқа оғир шароитлардан қочган одамларга АҚШда вақтинча қонуний яшаш ҳуқуқини беришга рухсат этади. Илгари бу мақом кетма-кет узайтириб келинар эди. Ушбу ҳимояни тугатиш чоралари бошланганига қарамай, АҚШ Давлат департаменти ҳозир ҳам Гаити ёки Сурияга саёҳат қилмасликдан огоҳлантирмоқда. Бунга у ерлардаги кенг тарқалган зўравонлик, жиноятчилик, терроризм ва одам ўғрилаш ҳолатлари сабаб қилиб кўрсатилган.

АҚШ Гаитига биринчи марта 2010 йилги даҳшатли зилзиладан кейин вақтинча ҳимоя мақомини берган эди. Сурияликларга эса 2012 йилда мамлакатда фуқаролар уруши бошлангач шундай мақом берилган.

Кенг кўламли депортацияга қаршилик

Мигрантларни оммавий равишда мамлакатдан чиқариб юбориш режасига ҳатто айрим республикачилар ҳам қарши чиқмоқда. Огайо штати губернатори Майк Дивайн CNN телеканалига берган интервьюсида гаитиликларнинг ватанига қайтиши хавфли эканини айтди. Шунингдек, у меҳнатсевар ишчиларнинг кетиши Огайо иқтисодиётига зарар етказиши ва соғлиқни сақлаш соҳасида ходимлар етишмовчилигини келтириб чиқаришини билдирди.

2024 йилги сайловлар пайтида Трамп Огайода яшаётган гаитиликларни бошқаларнинг уй ҳайвонларини ейишда асоссиз айблаганди. Бироқ Олий суднинг консерватив кўпчилиги ҳукумат устидан судга берган гаитиликларнинг важларини рад этди. Суд уларнинг “ҳукумат ҳаракатларида ирқий камситиш бор” деган аргументи муваффақият қозонишига ишонмади.

Reuters агентлигига кўра, гаитиликларнинг штатда бўлиши саноат инқирозига учраган Огайонинг айрим ҳудудларида иқтисодиётни қайта тиклашга ёрдам берган. Улар иш ҳақи ўсишига ва янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшган.

“Гаитиликлар кўп ҳолларда Алцгеймер касаллигига чалинган онангиз ёки отангизга ғамхўрлик қилмоқда. Қариялар уйидаги оила аззоларингизга қарамоқда. Энди эса уларнинг ҳаммасини бу ердан ҳайдаймиз дейиш бизнинг манфаатларимизга мутлақо тўғри келмайди”, деди губернатор Дивайн.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар