Daryo

АҚШ ва Эрон ўзаро ўт очишни тўхтатишга келишиб олди — Axios

Сўнгги кунларда икки давлат бир-бирининг объектига зарбалар берди. АҚШнинг Яқин Шарқдаги иккита базаси ҳужумга учради.

1 дақиқа ўқиш4 571 кўришлар0 изоҳ3

АҚШ ва Эрон ўзаро ўт очишни тўхтатишга яна бир бор келишиб олди. Бу ҳақда америкалик манбага таяниб Axios хабар берди.

Томонлар камида Ҳормуз бўғозида кемалар қатновини тиклаш бўйича Қатарда режалаштирилган учрашувгача бир-бирига ҳужум қилмайди. Мазкур учрашув 30 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳозирда бўғоз кемалар ҳаракати учун қисман очилган. Эрон эса кемалардан ўз йўналишларини мамлакат ҳарбий раҳбарияти билан келишишни талаб қилмоқда.

Ҳозирда Ғарб давлатларига Ҳормуз бўғозини миналардан тўлиқ тозалашга рухсат берилмаган. Шу сабабли кемалар акваторияда фақат иккита тор йўлдан ҳаракатланиши мумкин. АҚШ президенти Дональд Трампнинг бўғоз тўлиқ очилгани ҳақидаги баёнотларига қарамай, у орқали юк ташиш ҳажми АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан олдинги даражанинг ярмидан камроғини ташкил этади.

АҚШ ва Эрон ҳужумларни қайта тиклаганди

Икки давлат президентлари 18 июнь куни урушни тугатишни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Аммо 26—27 июнь кунлари томонлар ўзаро бир-бирининг объектларига ҳужум қилди. АҚШ Эроннинг бир нечта қирғоқбўйи базаларига ҳужум қилиб, буни Эроннинг Ҳормуздан ўтаётган иккита тижорат кемасига берган зарбасига жавоб деб атади. Теҳрон бу кемалар Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан келишилган бўғоз орқали ҳаракатланиш йўналишидан четга чиққанини таъкидлади.

Эрон АҚШ ҳужумлари ортидан унинг Кувайт ва Баҳрайндаги ҳарбий базаларини нишонга олди. Иккинчи давлатдаги ҳарбий объектга жиддий зарар етди. Ҳозиргача урушда зарар кўрган Баҳрайндаги базани тиклаш учун, тахминан, 400 миллион доллар талаб этилиши мумкин. Расман икки давлатнинг ўт очишни тўхтатиш режими 8 апрелдан бери амал қилмоқда, бироқ ўшандан бери АҚШ ва Эрон уни бир неча бор бузган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар