Daryo

Президент Наманганда Халқаро мақом санъати анжуманини очиб берди

Тадбирда 80 дан ортиқ давлатдан 250 га яқин маданият ва санъат вакиллари қатнашди. Президент соҳани ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари суриб, Янги Тошкентда Дунё мақом маркази ва Халқаро мақом академиясини ташкил этишни таклиф қилди.

2 дақиқа ўқиш4 730 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида III Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари анжуман иштирокчилари, хорижий меҳмонлар ҳамда маданият ва санъат намояндаларини қутлар экан, мақом санъати халқлар ва қалбларни бирлаштирадиган ноёб маънавий мерос эканини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, анжуман бугунга келиб мақом санъатининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган муҳим майдонлардан бирига айланган. Тадбирда UNESCO, ICESCO, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, TURKSOY ва бошқа халқаро тузилмалар вакиллари, хорижий мамлакатларнинг маданият вазирлари, элчилар ҳамда 80 дан ортиқ давлатдан 250 га яқин маданият ва санъат намояндалари иштирок этмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Наманганнинг бой маданий мероси ва санъат анъаналарига алоҳида тўхталиб, Бобораҳим Машраб, Нодим, Фазлий, Мажзуб Намангоний, Сўфизода, Ибрат, Усмон Носир ва Чустий каби ижодкорлар номини тилга олди.

Нутқда Наманганда ўтказилаётган 65-халқаро гуллар фестивали ҳам эътироф этилди. Таъкидланишича, фестивал оддий гуллар кўргазмасидан халқаро миқёсдаги маданий тадбир ва миллий бренд даражасига кўтарилган. Жорий йилда Наманганда 150 миллиондан ортиқ гул кўчати экилиб, бу натижа “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент мақом санъати UNESCOнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганини эслатиб, уни миллат хотираси ва халқнинг маънавий овози сифатида таърифлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбир давомида мақом санъатини ривожлантириш бўйича қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Янги Тошкентда қурилаётган Мақом марказига Дунё мақом маркази номини бериш ва унинг қошида Халқаро мақом академиясини ташкил этиш таклиф қилинди. Академияда ўзбек мақом мактаблари билан бир қаторда араб, турк, форс, тожик, ҳинд ва бошқа Шарқ мумтоз мусиқа йўналишлари ҳам ўқитилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, марказ ҳузурида ноёб қўлёзмалар, нота ва аудио ёзувларни жамлайдиган Халқаро рақамли кутубхона ҳамда лаборатория ташкил этилиши, Жаҳон мақом антологияси яратилиши маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент мақом илмини ривожлантириш учун халқаро жамғарма ташкил этиш ва унинг грантларини илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтиришни таклиф қилди. Бундан ташқари, мақом ривожига катта ҳисса қўшган олим ва санъаткорларни рағбатлантириш мақсадида Халқаро мақом мукофотини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Яна бир янгилик сифатида “Шашмақом”нинг олти йўналиши бўйича “Мақом йўли” маданий-туристик маршрути яратилиши, Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва Тошкентда мақомга бағишланган тематик кўчалар ташкил этилиши маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, мақом санъати намуналарини асраб-авайлаш ва тарғиб қилишдаги хизматлари учун Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига миллий давлат ансамбли мақоми берилиши эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Нутқ якунида президент III Халқаро мақом санъати анжуманини расман очиқ деб эълон қилди ҳамда иштирокчиларга янги ижодий ютуқлар тилади. Маросим сўнгида концерт дастури намойиш этилди.

Ташриф якунида Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятидан Тошкентга жўнаб кетди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар