Футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионатининг J гуруҳи 2-туридан ўрин олган Аргентина ҳамда Австрия терма жамоалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида кечган баҳсда амалдаги Жаҳон чемпионлари кичик ҳисобда ғалаба қозонди.
Учрашувнинг 9-дақиқасидаёқ аргентиналиклар ҳисобни очиш учун ажойиб имкониятга эга бўлди, бироқ жамоа етакчиси Лионель Месси белгиланган пенальтидан унумли фойдалана олмади. Ушбу хато туфайли ҳужумчи Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп пенальти тепган (7 марта) ва энг кўп марта пенальтидан адашган (3 марта) футболчига айланиб, ўзига хос антирекордни қайд этди.
Бироқ Лео тезда ўз хатосини тўғрилашни уддалади. 39-дақиқага келиб у барибир ўз мақсадига етди ва учрашувда ҳисобни очди. Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган сўнгги дақиқаларда (90+5) эса Месси яна бир бор Австрия дарвозасини ишғол қилиб, дубль расмийлаштирди ҳамда учрашувга якуний нуқтани қўйди.
Шу билан бирга Месси Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиб олди. Аргентиналик ҳужумчи ушбу баҳсда ўзининг 17 ҳамда 18-голларини киритиб, германиялик футболчи Мираслов Клозенинг натижасини (16 гол) янгилади.
Ушбу ғалабадан сўнг Аргентина терма жамоаси очколари сонини 6 тага етказиб, J гуруҳида яққол пешқадамга айланиб олди ва плей-офф масаласини деярли ҳал қилди. Дастлабки турда ғалаба қозонган Австрия миллий жамоаси ҳисобида эса 3 очко қолди. Гуруҳнинг ҳал қилувчи 3-тур баҳслари 28 июнь куни бўлиб ўтади: унда Аргентина Иорданияга, Австрия эса Жазоирга қарши майдонга тушади.
Жаҳон чемпионати
J гуруҳи, 2-тур
Аргентина — Австрия 2:0
Голлар: 1:0 — Месси (38), 2:0 — Месси (90+5).
Амалга оширилмаган пенальти: Месси (9).








