АҚШнинг “Интер Майами” клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш борасида ҳали якуний қарорга келмаган. Унинг мундиалдаги иштироки бевосита жисмоний ҳолатига боғлиқ бўлади.
The Touchline нашри берган маълумотларга кўра, 38 ёшли футболчи ўзини жисмонан тўлиқ тайёр ҳис қилмаса, турнирни ўтказиб юбориш вариантини кўриб чиқмоқда. Мессининг таъкидлашича, АҚШ чемпионати савияси етарли даражада юқори эмас, шу сабабли у жаҳоннинг энг нуфузли мусобақасида муносиб қатнашиш учун идеал спорт формасида бўлишни истамоқда.
Футболчи яқинда чап сонидан жароҳат олган эди. Ҳозирда Месси жароҳатидан сўнг аста-секин тикланмоқда ва жамоавий машғулотларга қайтган. Гарчи у MLS’нинг янги мавсумига тайёргарлик кўраётган бўлса-да, унинг яқин орада ўтказиладиган турнирларда майдонга тушишига ҳали ҳеч қандай кафолат берилмаган.
Маълумот учун, қуръа натижаларига кўра, Аргентина “J” гуруҳидан жой олди. Уларга Австрия, Иордания ва Жазоир каби терма жамоалар рақиблик қилади. 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида 11 июндан 19 июлгача ўтказилади.








