2026-йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг иккинчи турида Эрон терма жамоаси Бельгия билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашув АҚШнинг Калифорния штатидаги Инглвуд шаҳрида бўлиб ўтди.
25-дақиқада эронлик ҳужумчи Меҳди Тареми гол урди, бироқ VAR текширувидан сўнг офсайд қайд этилиб, гол бекор қилинди. 66-дақиқада эса Бельгия ҳимоячиси Натан Нгои қизил карточка олиб, майдондан четлатилди ва жамоаси қолган вақтни бир киши кам бўлиб ўтказди. Ўйинда Бельгия мутлақ устунликка эга бўлди, бироқ Эрон посбони Алиризо Бейранванд 7 та сейв амалга оширди ва учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
“G” гуруҳида тўп сураётган Эрон ва Бельгия терма жамоалари 2-турдан сўнг икки очкодан жамғарди. Биринчи турда Бельгия Миср билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, Эрон ва Янги Зеландия баҳсида 2:2 ҳисобини қайд этилган эди. Миср ва Янги Зеландия ўртасидаги учрашув 22 июнь куни тонгда бўлиб ўтади.
Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Миср ва Эрон, шунингдек Бельгия ҳамда Янги Зеландия терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Учрашувлар 27 июнь тонгида ўтказилади.
Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтмоқда ва 19 июль куни якунланади. Турнир тарихида илк бор 48 та терма жамоа иштирок этмоқда. Улар 12 та гуруҳга бўлинган. Плей-офф босқичига ҳар бир гуруҳдан энг яхши икки жамоа ҳамда учинчи ўринни эгаллаган саккизта энг яхши терма жамоа йўл олади. Амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.








