Филиппиннинг Таклобан шаҳридаги мактабда 22 июнь куни отишма юз берди. Полиция маълумотларига кўра, 14 ва 15 ёшли икки ўқувчи ўт очган. Ҳодиса оқибатида камида уч нафар ўқувчи ҳалок бўлган, яна етти нафари жароҳатланган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳукумат вакилларининг билдиришича, гумонланувчиларнинг бири отишмадан сўнг дарҳол қўлга олинган. Иккинчиси эса кейинчалик ўзи таслим бўлган. Ўсмирлар 9 миллиметр калибрли Glock пистолети ва 38 калибрли револвердан фойдаланган. Уларнинг қуролни қаердан олгани ҳозирча номаълум. Воқеа жойидан 40 та гилза топилган.
Филиппин миллий полицияси расмий вакили Аллен Рей Конинг айтишича, пистолет бир полициячига тегишли бўлган. Ҳозирда бу ходим устидан суриштирув кетмоқда, қурол эса ҳудудий полицияга топширилган. Револвер эса мамлакат марказидаги Себу шаҳрида жойлашган қўриқлаш агентлиги номида рўйхатдан ўтган.
Филиппинда мактаблардаги отишмалар камдан-кам кузатиладиган ҳолат ҳисобланади. Мамлакатда қуролга эгалик қилиш қоидалари анча қаттиқ. Қурол олувчиларнинг ўтмиши ва руҳий ҳолати текширилади. Шунга қарамай, мамлакатда ноқонуний қуроллар ҳамон айланиб юрибди.
Бу отишма мактабларда бир неча ойлик таътилдан кейин дарслар бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб содир бўлди. Ҳар икки гумонланувчи ижтимоий ҳимоя органларига топширилган. Дастлабки сўроқларга кўра, улар 7-синфдан бери мактабда ҳақоратланган ва камситилган (буллингга учраган).
“Дастлабки таҳминларг кўра, жиноятга мактабдаги камситишлар туфайли юзага келган адоват сабаб бўлган”, деди Аллен Рей Ко журналистларга.
Президент Кичик Фердинанд Маркос ушбу воқеадан қайғуда эканини билдирди. У ҳодисани синчиклаб текширишни буюрди. Шунингдек, расмийларга жамоат жойларида, айниқса мактабларда хавфсизликни таъминлаш вазифасини юклади.
Полиция маълумотларига кўра, жабрланганлар шифохонага етказилган. Ўқувчилар, ходимлар, ота-оналар ва атрофдаги одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун мактабга қўшимча полиция кучлари сафарбар этилди. Бундан олдин Жанубий Африка Республикасининг Йоханнесбург шаҳрида оммавий отишма оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.








