Жаҳон чемпионатининг “J” гуруҳи 1-туридан ўрин олган Аргентина ва Жазоир терма жамоалари ўртасидаги учрашув амалдаги жаҳон чемпионларининг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. АҚШнинг Канзас-Сити шаҳридаги “Арроwҳеад” стадионида бўлиб ўтган учрашувда Аргентина терма жамоаси Жазоир устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Ўйиннинг асосий қаҳрамони, шубҳасиз, Лионель Месси бўлди. У ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйиб, хет-трик қайд этди.
Учрашувнинг 17-дақиқасида ярим ҳимоячи Родриго Де Паулнинг узатмасидан сўнг, Месси бўш ҳудудга ёриб кирди ва жарима майдончаси ёнидан чап оёғи билан дарвоза бурчагини аниқ нишонга олиб, ҳисобни очди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида, аниқроғи 60 ва 76-дақиқаларда Месси яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, учрашувга якуний нуқтани қўйди — 3:0.
38 ёшли юлдуз учун мазкур баҳс Аргентина миллий терма жамоаси сафидаги юбилей 200-учрашув бўлди. Жазоир дарвозасига киритилган дастлабки тўп унинг халқаро майдондаги 118-голи сифатида қайд этилган бўлса, учрашув якунига қадар Месси терма жамоадаги голлари сонини 120 тага етказиб олди. Ушбу хет-трикдан сўнг Лионель Мессининг фаолияти давомида барча турнирларда киритган голлари сони 914 тани ташкил қилмоқда.
Маълумот ўрнида, 2022-йили Қатарда ўтказилган мундиалда ғолиб чиққан Аргентина жорий мусобақада амалдаги чемпион мақомида иштирок этмоқда. Жамоанинг “J” гуруҳидаги кейинги рақиблари Австрия ҳамда Иордания терма жамоалари бўлади.








