АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатининг “G” гуруҳида 1-тур учрашувлари давом этмоқда. АҚШнинг Инглвуд шаҳридаги “Соу-Фай” стадионида Эрон ҳамда Янги Зеландия терма жамоалари ўзаро куч синашди. Қизиқарли ва кескик курашлар остида ўтган мазкур учрашувда 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг натижа қайд этилди.
Ўйинни океания вакиллари жуда фаол бошлади ва аллақачон 7-дақиқадаёқ Элайжа Жаст ҳисобни очиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Бунга эронликлар 32-дақиқада ҳимоячи Рамин Резаян киритган гол билан жавоб қайтаришди — 1:1.
Иккинчи бўлимда ҳам шиддатли ҳужумлар давом этди. 54-дақиқада Элайжа Жаст ўзининг иккинчи голини уриб (дубль) Янги Зеландияни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ бу устунлик узоққа чўзилмади: орадан 10 дақиқа ўтиб, 64-дақиқада Эрон ярим ҳимоячиси Муҳаммад Моҳеби мувозанатни тиклашга эришди — 2:2. Учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда ҳам жамоалар ҳужумкорликни туширмади, аммо ҳисоб бошқа ўзгармади.
Айни пайтда “G” гуруҳидаги барча жамоа ҳисобида 1 очкодан бор. Мусобақанинг навбатдаги 2-турида Эрон терма жамоаси 21 июнь куни Бельгияга қарши майдонга тушади. Янги Зеландия эса 22 июнь куни Миср билан куч синашади. 3-тур учрашувлари доирасида Эрон Миср билан, Янги Зеландия эса Бельгия билан ҳисоб-китоб қилади (ҳар икки ўйин 27 июнь кунига белгиланган).
Жаҳон чемпионати
“G” гуруҳи, 1-тур
Эрон — Янги Зеландия 2:2
Голлар: 0:1 — Жаст (7), 1:1 — Резаян (32), 1:2 — Жаст (54), 2:2 — Моҳеби (64)
Маълумот ўрнида, футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади. Турнирнинг амалдаги ғолиби Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, 2022-йилги мундиал финалида Аргентина Францияга қарши тўқнаш келган ва асосий вақти 3:3 ҳисобида якунланган баҳснинг пенальтилар сериясида аргентиналикларнинг қўли баланд келган эди (4:2).








