Май ойида Ўзбекистонга шакар импорти апрелдагига нисбатан 26 фоизга қисқарди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълумот берди.
Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг ўтган ойида мамлакатга жами қиймати 50,4 миллион долларлик 68,66 минг тонна шакар импорт қилинган. Бу кўрсаткич апрель ойида 61,7 миллион долларга 86,5 минг тоннани ташкил этганди. Бир ой давомида маҳсулот импорти қарийб 17,8 минг тоннага (26 фоиз) қисқарган.
Таққослаш учун, февраль (73,2 минг тонна) ёки март ойидаги (77,7 минг тонна) импорт ҳажми ҳам майдагига қараганда сезиларли даражада юқори бўлган.
Қўмита республиканинг қайси ҳудудлари хориждан шакар импорт қилаётганини ҳам очиқлаган. Қайд этилишича, умумий шакар импортининг 76,7 фоизи ёки 52,7 тоннаси Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Кейинги ўринда Хоразм вилояти кўрсатилган — 6,8 тонна.
Яна саккизта ҳудуднинг ҳар бирида импорт ҳажми уч тоннадан паст шаклланган. Навоий, Сирдарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларининг шакар импорт қилувчилари мавжуд эмас. Улар маҳсулотни Тошкентдан ташийди.
Ҳисоботдан кўринадики, импорт шакарнинг нархи ошишда давом этган. Май ойида маҳсулотнинг тоннаси хориждан ўртача 734 доллардан сотиб олинган (апрелда 723 доллардан эди).
Ўз навбатида Ўзбекистонда ҳам шакар нархи ошиб бормоқда. Масалан, Статистика қўмитаси май ойида шакар 1,5 фоиз қимматлашганини маълум қилган.








