Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ноқонуний равишда пневматик қурол сақлаш ва унинг олди-сотдиси билан шуғулланган шахслар аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Сергели тумани ИИО ФМБ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролардан бирининг хонадонида пневматик қурол сақланаётгани аниқланган.
Текширувлар давомида ушбу қурол тегишли ҳужжатларсиз тўрт нафар фуқаро ўртасида бир-бирига сотилгани маълум бўлди. Қурол тўртинчи харидорнинг уйида тинтув ўтказиш вақтида топилган ва ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 220-1-моддаси (пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши) билан чора кўрилди.
Қонунчиликка кўра, юқоридаги турдаги қуролларни ўз ихтиёри билан топширган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.








