Daryo

АҚШ Украина ва Эрондаги уруш сабаб дунёдаги энг йирик нефть экспортчисига айланди

Вашингтон энергетика соҳасида Саудия Арабистонини ҳам ортда қолдирди. Ҳормуз бўғози ёпилишидан энг кўп Америка компаниялари фойда кўрмоқда.

4 дақиқа ўқиш5 508 кўришлар0 изоҳ4

АҚШ Украина ва Эрондаги уруш ортидан дунёдаги энг йирик нефть экспортчисига айланди. Бу воқеа ўн йилликлар давомида Саудия Арабистони ва Россия етакчилик қилиб келган тартибни ўзгартириб юборди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Таъкидланишича, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги уруш глобал энергия савдосини қайта шакллантирмоқда. Бу эса Америка компанияларининг энергия бозоридаги мавқейини янада мустаҳкамламоқда.

АҚШнинг биринчи ўринга кўтарилиши мамлакат учун катта бурилиш бўлди. Чунки Қўшма Штатлар ўн йиллар давомида Яқин Шарқ нефтига қарам эди. Ҳатто 1973 йилда ОПЕК ташкилотининг баъзи аъзолари АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаганига жавобан унга қарши нефть эмбаргоси жорий қилганди.

АҚШнинг омади 2010 йилдан кейин кула бошлади. Ўшанда мамлакатда сланес жинсларидан нефть ва газ қазиб олиш кескин ортди. Натижада АҚШ дастлаб газ қазиб олиш бўйича, кейин эса нефть қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.

2026 йилнинг февраль ойидан бери давом этаётган АҚШ–Эрон уруши Саудия Арабистони нефть экспортига халақит бермоқда. Россия экспорти эса Украинанинг дрон ҳужумлари ва АҚШ санкциялари туфайли зарар кўрмоқда. Шу сабабли АҚШ дунёдаги етакчи нефть экспортчисига айланди.

Вортеха кемаларни кузатиш хизмати маълумотларига кўра, май ойида АҚШнинг хом нефть ва ёнилғи экспорти кунига қарийб 10,5 миллион баррелга етди. Бунга юқори ишлаб чиқариш ва стратегик захираларнинг бозорга чиқарилиши сабаб бўлди. АҚШ кетма-кет учинчи ой дунёда энг кўп нефть сотган давлат бўлиб турибди.

Reuters ҳисоб-китобларига кўра, май ойида Россия экспорти кунига 7 миллион баррелни ташкил қилган. Саудия Арабистони эса кунига 5,9 миллион баррел экспорт қилган. Таққослаш учун, 2025 йилда Саудия Арабистони кунига 8,1 миллион баррел нефть экспорт қилганди. Ўшанда АҚШ 6,6 миллион баррел, Россия эса 5,8 миллион баррел нефть сотган.

“Вашингтонда Эрон урушидан олдин ўзлари ҳам борлигини билмаган янги қурол пайдо бўлди. Бу энергетика экспортидир”, деди Кплер таҳлилий компанияси расмийси Мишел Бруҳард.

АҚШнинг янги мавқейи ОПЕК ва унинг иттифоқчилари бўлган давлатларнинг бозордаги таъсирини заифлаштириши мумкин. АҚШ Президенти Дональд Трамп узоқ вақтдан бери ОПЕКни бозордаги нархларни манипуляция қилишда айблаб келади. Шунингдек, май ойида ушбу ташкилот яна бир зарбага учради. Унинг энг йирик аъзоларидан бири — Бирлашган Араб Амирликлари деярли 60 йиллик аъзоликдан кейин ташкилотни тарк этди.

Энг йирик нефть экспортчиси мақоми Вашингтонга иттифоқчилар ва рақиблар билан музокараларда янги кучли устунлик беради. Бу АҚШнинг ҳарбий доминантлиги ва доллар туфайли молия бозоридаги ҳукмронлигига қўшимча бўлади.

“Ҳозир АҚШнинг баъзи давлатларга таъсири яққол кўриниб турибди. Чунки улар нефть ёки газ бўйича Вашингтонга қарам бўлиб қолди”, деди Бруҳард.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ Европага хом нефть етказиб берувчи энг йирик давлатга айланди. Европа Иттифоқи расмийлари дастлаб Американинг нефть ва газ бўйича ривожланишини Россия ҳамда Яқин Шарққа муқобил сифатида олқишлаган эди. Лекин ҳозирда улар бунга шубҳа билан қарамоқда. Расмийлар Америка компанияларига ҳаддан ташқари қарам бўлиб қолиш хавфидан огоҳлантирмоқда.

Москва ҳам ўз норозилигини яшира олмаяпти. Россиянинг “Роснефт” компанияси раҳбари ва президент Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиси Игор Сечиннинг айтишича, Ҳормуз бўғозининг ёпилишидан энг кўп Америка компаниялари фойда кўрди.

Бироқ АҚШ–Эрон уруши бошланишидан анча олдин ҳам Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича АҚШдан ортда қолаётган эди. 2000 йилдан бери АҚШда суюқ хом нефть ишлаб чиқариш деярли уч баравар кўпайди ва кунига 22 миллион баррелга етди. Саудия Арабистонида эса бу кўрсаткич ОПЕК квоталари сабабли 2000 ва 2026 йиллар оралиғида кунига 10-12 миллион баррел атрофида ўзгариб турди.

Россияда нефть қазиб олиш 2000 ва 2010 йиллар оралиғида кунига 6 миллион баррелдан 10 миллион баррелга етган эди. Бу кейинги ўн йилликда яна 2 миллион баррелга ўсди. Аммо 2020 йилдан бери ишлаб чиқариш тўхтаб қолди ва кунига 10 миллион баррелдан пастга тушди.

АҚШ 2015 йилда Араб давлатлари эмбаргосидан бери амал қилиб келган 40 йиллик экспорт тақиқини бекор қилган эди. Бу эса Америка нефтьининг дунёга чиқишига йўл очди. Орадан 10 йил ўтиб, АҚШ энг йирик экспортчига айланди. Бу эса “резервлар қуриб қолади ва ўсиш қисқа муддатли бўлади” деган шубҳалар нотўғри эканини исботлади.

Саудия Арабистони ва Россияда ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини қисман ёки тўлиқ ҳукумат белгилайди. АҚШда эса ўсиш хусусий компанияларнинг қарорларига боғлиқ ва у асосан фойда олишга йўналтирилган.

“Нархлар кўтарилганда, АҚШ фирмалари ишлаб чиқаришни оширади ва бу нархни туширишга ёрдам беради. Нархлар пасайганда эса, улар ишлаб чиқаришни камайтиради ва бу нархни кўтаради”, дейди эксперт Кеннет Медлок.

Унинг айтишича, бу жараён стратегик режа эмас, балки бозор механизми асосида ишлайди. Европа давлатлари 2022 йилда Украина уруши бошлангандан бери кўпроқ АҚШга суянмоқда. 2026 йилда АҚШ нефть экспортининг қарийб 47 фоизи Европа ҳисобига тўғри келди. 2021 йилда бу кўрсаткич 37 фоиз эди.

Илгари нефтьни асосан Яқин Шарқдан сотиб олган Осиё давлатлари ҳам энди АҚШга таянмоқда. Май ойида АҚШ нефть экспортининг 46 фоизи Осиё давлатлари ҳисобига тўғри келди. 2025 йили бу кўрсаткич 37 фоиз атрофида эди.

Бундан олдин АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш оқибатлари туфайли жаҳон иқтисодиёти ўсиши COVID-19 пандемиясидан буён энг паст даражага тушиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар