Тошкент шаҳрида жанжал туфайли собиқ турмуш ўртоғининг қўлидан тишлаб олган аёл жаримага тортилди. Эркак эса 5 суткага қамалди.
“Дарё” танишган суд ҳужжатларига кўра, 2026 йил 26 май куни Юнусобод туманида яшовчи А.Б. ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Б.Б. ўртасида уй масаласида низо келиб чиққан.
Маълум бўлишича, аёл ажрашгандан сўнг суд қарори билан собиқ турмуш ўртоғининг онасига тегишли хонадонга киритилган. Бироқ уй қулфи алмаштирилгани сабабли аёл хонадонга кира олмаган ва собиқ эрига қўнғироқ қилиб, эшикни очиб беришни сўраган.
Томонлар ўртасидаги баҳс тез орада жанжалга айланган. Шунда Б.Б. собиқ турмуш ўртоғининг билагини тишлаб олган. Эркак эса аёлни итариб юборган ва у йиқилиб тан жароҳати олган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг қарори билан А.Б ва Б.Б. томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-²-моддаси (оилавий, маиший зўравонлик) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. А.Б.га нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аёлга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бундан аввал Фарғона шаҳрида турмуш ўртоғини тишлаб, унга енгил тан жароҳати етказган аёл оилавий зўравонлик содир этганликда айбли деб топилиб, 8 миллион сўм жаримага тортилганди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида эрига ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказган аёл Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий, маиший зўравонлик) еттинчи қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Бироқ эр-хотин ярашиб олгани, даъвоси йўқлиги сабабли тайинланган жазони шартли ҳисобланиб, суд бир ярим йил муддатга синов муддати белгилаганди.








