Daryo

Филиппинда кучли зилзила содир бўлди. Бинолар қулаб тушди (видео)

Зилзила кучи 7,8 магнитудани ташкил этди. Табиий офат оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳат олди. Масъуллар кучли цунами юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

1 дақиқа ўқиш4 984 кўришлар0 изоҳ1

Филиппиннинг жанубида содир бўлган 7,8 магнитудали кучли зилзила оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳат олди. Минданао оролида бир нечта бинолар қулаб тушди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб AFP ва ABS-CBN News хабар берди.

Давлат сейсмология агентлиги — Phivolcs маълумотларига кўра, зилзила Ҳенерал Сантос шаҳрида “вайронкор” даражада сезилган. Бу ерда ер силкиниши кучи Рихтер шкаласи бўйича 7 баллга етган.

Давао шаҳрида барча даражадаги таълим муассасалари фаолияти ва иш жараёнлари вақтинча тўхтатилди. Ҳозирда ҳудудларда етказилган зарар кўлами баҳоланмоқда.

Phivolcs’нинг огоҳлантиришича, юзага келган цунами тўлқинлари одатий сув кўтарилишидан бир метрдан ортиқ баланд бўлиши мумкин ва бу ҳолат бир неча соат давом этиши эҳтимоли бор.

Филиппин президенти кичик Фердинанд Маркос табиий офатларга қарши кураш бўйича миллий агентликка вазиятни мувофиқлаштириш вазифасини юклади. Ижтимоий таъминот департаментига эса гуманитар ёрдам тайёрлаш ва эвакуация марказларини ташкил этиш топширилди.

Шунингдек, президент Минданаонинг зилзиладан зарар кўрган ҳудудларида ўқув машғулотларини вақтинча тўхтатиш ҳақида кўрсатма берди.

Май ўрталарида Хитойнинг Гуанси провинциясида 5,2 магнитудали зилзила юз берганди. Ер силкиниши оқибатида Лючжоу шаҳридан 7 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойга эвакуация қилинган эди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлганди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар