Индонезиянинг шарқий қисмида 15 август тонгида 7,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Оқибатда камида беш киши ҳалок бўлди, бинолар вайрон бўлди ва минглаб аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Оролнинг Маумере шаҳрида бир қатор бинолар қулаган. Касалхоналардаги беморлар хавфсизлик мақсадида ташқарига олиб чиқилган, тиббиёт ходимлари очиқ ҳавода вақтинчалик даволаш жойларини ташкил қилган. Айрим ҳудудларда электр таъминоти ва алоқа узилган.
Шарқий Нуса-Тенггара губернатори Эмануэл Мелкиадес Лака Лена беш киши ухлаб ётган пайтда қулаган конструкциялар остида қолиб ҳалок бўлганини маълум қилди. Шу билан бирга, мамлакат Табиий офатларни бошқариш агентлиги дастлаб бир киши ҳалок бўлгани ва тўрт киши жароҳатланганини билдирган.
Зилзиладан кейин цунами хавфи эълон қилинди. Айрим ҳудудларда баландлиги бир метрдан паст бўлган тўлқинлар қайд этилган, бироқ тахминан уч соатдан сўнг огоҳлантириш бекор қилинди.
Нагекео ҳудудида қарийб 2 минг киши уйларини тарк этган. Зилзила Шарқий ва Ғарбий Нуса-Тенггара ҳамда Жанубий Сулавесининг айрим қисмларида ҳам кучли сезилган. Асосий силкиниш ортидан ўнлаб афтершоклар қайд этилган.
Индонезия Тинч океанининг сейсмик фаол “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашгани сабаб мамлакатда кучли зилзилалар тез-тез содир бўлади. 1992-йилда айнан Флорес оролида юз берган зилзила ва цунами қарийб 2,5 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. 2004-йилда Суматра яқинидаги 9,1 магнитудали зилзила келтириб чиқарган цунами эса бир неча мамлакатда 230 мингга яқин одамни ҳалок қилган.
Аввалроқ Колумбияда 7,4 магнитудали зилзила юз бергани, табиий офат оқибатида 132 киши ҳалок бўлгани хабар қилганди
28 июль куни Япониянинг Кюсю оролида 7,1 магнитудали зилзила қайд этилган. Кейинчалик қурбонлар сони 13 кишига етгани маълум қилинганди. 20 июль куни Перунинг тоғли ҳудудида содир бўлган иккита зилзила оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган.








