Президент Шавкат Мирзиёев миллий адабиёт ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адабиётшунос олим, адиб ва таржимон, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
У 6 июнь куни 89 ёшида вафот этганди. Ҳамдардликда қайд этилишича, ёрқин истеъдод, кенг билим ва тафаккур эгаси бўлган Иброҳим Ғафуров 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти мобайнида ўзидан бой илмий, адабий-бадиий мерос қолдирди. У мамлакатда кўппартиявийлик ва парламентаризм тамойилларини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Мамлакатнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, миллий адабиёт ва санъат ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида умрининг охирига қадар фаол иштирок этиб келди.
“Заҳматкаш олим, атоқли адиб, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Иброҳим Ғафуровнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади ҳамдардликда.
Иброҳим Ғафуровнинг халқ, ватан олдидаги унутилмас хизматлари давлат томонидан тақдирланган. У Ўзбекистон Қаҳрамони олий унвони ҳамда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби фахрий унвони, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган.








