АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати бошланишига жуда оз вақт қолганида, FIFA мухлислар учун кутилмаган чеклов жорий қилди. Ташкилот хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида стадионларнинг ички тартиб-қоидаларига ўзгартириш киритди. Унга кўра, мухлислар қайта ишлатиладиган сув идишларини стадионга олиб киришни бутунлай тақиқланади.
FIFA яқингача стадион ичкарисига сиғими 1 литргача бўлган бўш, шаффоф ва пластик идишларни олиб киришга рухсат бериб келаётган эди. Бироқ эълон қилинган ва аллақачон кучга кирган янги қоидаларга кўра, ушбу рухсатнома бекор қилинди. FIFA баёнотида ёзилишича, ҳар қандай шиша, финжон, банка ва консерва идишлари ҳам трибунадан майдонга ёки бошқа мухлисларга қарата отилганда жароҳат етказиш хавфи бўлгани учун тақиқланган.
“FIFA барча футболчилар, ҳакамлар, мухлислар, кўнгиллилар ва ходимлар соғлиғи ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш мажбуриятини олади. Идишларни тақиқлаш қарори ўйинчи ва томошабинларнинг жароҳат олиш хавфининг олдини олиш мақсадида қабул қилинди”, дейилади ташкилотнинг Reuters агентлигига берган баёнотида.
Ушбу қарор футбол мухлислари ўртасида жиддий хавотирларга сабаб бўлди, чунки чемпионат ўйинлари ўтадиган қатор стадионларда ҳаво ҳарорати 26—28 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. Бундай шароитда ичимлик сувисиз қолиш томошабинларга қийинчилик туғдириши мумкин.
FIFA эса барча хавотирларни инобатга олганини ва иссиққа қарши махсус чоралар кўрилишини маълум қилди. Унга кўра, ташкилот қийин об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, ЖЧ—2026 доирасидаги барча ўйинларнинг ҳар бир таймида (ҳаво ҳароратидан қатъи назар) футболчилар сув ичиб олиши учун махсус танаффуслар ажратилади. Мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида эса стадионлар атрофида сув пурковчи станциялар, вентиляторлар, бепул сув ичиш шохобчалари ҳамда салқин чодирлар ташкил этилади. Шунингдек, стадион ичкарисида сотиладиган сув идишларининг нархи сунъий равишда оширилмайди ва мазкур ареналарда ўтказиладиган бошқа тадбирлардагидек одатий нархда сақлаб қолинади.
Эслатиб ўтамиз, тарихда илк бор 48 та жамоа иштирок этадиган Жаҳон чемпионати шу йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар бўлиб ўтади.








