FIFA президенти Жанни Инфантино 11 июнда старт оладиган Жаҳон чемпионатида ўйинолди маросимлари бутунлай янгича форматда ўтишини маълум қилди. Ушбу ўзгариш учрашувларнинг томошабоплигини ошириш ва мухлисларга кўпроқ эмоция улашишга қаратилган.
Янги тартибга кўра, ҳар бир ўйин олдидан миллий мадҳиялар янграётган вақтда нафақат асосий таркиб, балки қайдномага киритилган барча футболчилар майдонга чиқади ва марказий айлана атрофида йиғилади. Турнирнинг ҳал қилувчи плей-офф босқичларида эса ушбу маросим рангли тутунлар каби махсус эффектлар билан янада жозибалироқ кўриниш олади.
“Жаҳон чемпионати ривожланар экан, биз ўйиндан завқ олиш форматини ҳам янгилаб борамиз. Мадҳиялар пайтида барча ўйинчи ва ҳакамларнинг марказий доирада бир-бирига юзланиб туриши ўзаро бирлик, ғурур ва ҳаяжон лаҳзасини тақдим этади. Бу лаҳза жамоаларга ҳам, стадиондаги барча мухлисларга ҳам бирдек тегишлидир. Жаҳон чемпионати — ҳар бир футболчи ва ишқибоз учун байрам, янги маросим эса айнан шу муҳитни акс эттиради”, дея Инфантинонинг сўзларини келтирмоқда FIFA расмий сайти.
Эслатиб ўтамиз, Навбатдаги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Ушбу турнир мусобақа тарихида илк бор 48 та терма жамоа иштирокида ўтказилади.








