Daryo

“Украинада ҳаммаси шундай бошланган” — Лукашенко Арманистонга таҳдид қилди

Беларусь президенти Арманистон халқини Евросиё иттифоқи ва Европа ўртасида танлов қилишда “жуда эҳтиёткор” бўлишга чақириб, “Украина тақдири такрорланиши”дан огоҳлантирди.

2 дақиқа ўқиш8 330 кўришлар0 изоҳ6

Беларусь президенти Александр Лукашенко Арманистон халқини Евросиё иттифоқи ва Европа ўртасида танлов қилишда “Украинада содир бўлган воқеани такрорламаслик” учун “жуда эҳтиёткор” бўлишга чақирди. Бу ҳақда “Белта” хабар берди.

Лукашенконинг фикрича, Арманистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқидан (ЕОИИ) чиқиши ва Европа Иттифоқи билан яқинлашиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлар Арманистонда 7 июнь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари муносабати билан янграмоқда. У Арманистон раҳбариятининг баёнотларида “ЕОИИни камситиш” кузатилаётганини қайд этди.

“Арманлар жуда эҳтиёткор бўлишлари керак, Худо кўрсатмасин, Украинада содир бўлган воқеа такрорланмасин... Украинада ҳаммаси худди шундай бошланган эди. Сиз буни эслайсиз. Урушдан эндигина чиққан арманлар шу сабабли оғир вазиятга тушиб қолмаслиги керак. Шошилиш керак эмас. Шунчаки ўйлаб кўриш керак, доно халқ бўлиш керак. Бундай қадам қўйишдан олдин арман халқи жуда жиддий ўйлаб кўриши лозим. Мен уларни фақат шунга даъват этаман. Халқ ўз фикрини айтса, биз унга қўшиламиз”, деди Лукашенко.

Арманистонда бўлажак парламент сайловлари фонида Москва ва Ереван ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Россия Арманистоннинг амалдаги бош вазири Никол Пашинянни ғарбпарастликда айбламоқда. Шунингдек, Россиянинг “Ташир” саноат-қурилиш гуруҳи раҳбари, тадбиркор Самвел Карапетянни ҳам сайловга киритишни талаб қилмоқда.

Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари 29 май куни қўшма баёнот эълон қилиб, Арманистондан референдум ўтказиш ва мамлакатнинг ЕОИИда қолиши масаласини ҳал қилишни талаб қилди. Уларнинг фикрича, Ереваннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга тайёргарлиги ЕОИИ мамлакатлари учун “иқтисодий хавфсизликка жиддий хавф туғдиради”. Баёнот муаллифларининг фикрича, улар “бу билан боғлиқ зарарнинг олдини олиши” керак.

Остонада бўлиб ўтган ЕОИИ саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида Россия президенти Владимир Путин Украинадаги инқироз ҳозир Арманистонда содир бўлаётган вазиятга ўхшаш вазиятдан бошланганини айтди.

“Мен бу ҳақда айтиб ўтдим. Украинадаги инқироз қачонлардир Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишга уриниши билан бошланган. Биз қарши эмасдик-ку”, деди у.

7 июнь куни Арманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Унда амалдаги бош вазир Никол Пашинян етакчилардан бири сифатида иштирок этади. Сўнгги бир неча йил ичида Арманистон Европа Иттифоқи билан яқинлаша бошлади. Сайловлардан икки ҳафта олдин Пашинянни Дональд Трамп ҳам қўллаб-қувватлаган. Россия Пашинянни ғарбпараст сиёсат юритишда айблаб, Арманистонда тергов остида бўлган тадбиркор Самвел Карапетяннинг сайловларда иштирок этишига рухсат берилишини талаб қилмоқда.

Май ойи охирида Россия Ереваннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашуви туфайли Арманистонга нефть ва газ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. Шу билан бирга, “Росселхознадзор” бир неча кун давомида турли баҳоналар билан Арманистондан Россияга бир қатор маҳсулотлар — гуллар, сабзавотлар, қулупнай ва “Жермук” минерал сувининг олиб кирилишини тақиқлади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар