Россия Украинага қарши янги фронт очиш мақсадида Беларусь ҳудудидан фойдаланишни талаб қилиб, Александр Лукашенкога босимни кучайтирди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Газетанинг ёзишича, Россия қўшни давлатдан НАТО мамлакатларига қарши оммавий дрон ҳужумлари ва гибрид операциялар уюштиришда фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу борада 2026-йилдан бери Беларусьга босим ўтказилаётгани маълум қилинди.
“Россиянинг Донбассдаги ҳужуми секинлашгани сабабли Кремльин вазиятни кескинлаштиришнинг хавфли йўлларини изламоқда ва Путинга янги кескинлик нуқталари керак бўлиб турибди”, дейилади хабарда.
АҚШ ва Европа расмийларига кўра, Кремльнинг бу борада аниқ мақсадлари бор. Беларусь ҳудуди унга қуйидагилар учун зарур:
- Украина объектларига доимий равишда дронлар учириш;
- фронт чизиғини Украинанинг ғарбий вилоятлари томон кенгайтириш;
- Украина Қуролли Кучлари захираларини шарқдаги муҳим ҳудудлардан узоқлаштириш;
- Беларусьдан қўшни НАТО мамлакатларига қарши провокациялар учун фойдаланиш.
Таъкидланишича, Россия Украинани қўллаб-қувватлаш тизимига путур етказишни ва НАТОнинг реакциясини текшириб кўришни истамоқда. 2025 йил ёзида Россия дронлари Польша ҳаво ҳудудига учиб ўтган эди. Энди бундай операциялар тизимли бўлиши мумкин, дейилади WSJ таҳлилида.
Москва Лукашенкога таъсир ўтказиш учун кўплаб воситаларга эга, уларнинг энг асосийси — пул экани маълум қилинди. Разведканинг собиқ ходимлари Кремль “молиявий бўғиш”дан фойдаланаётганини тасдиқламоқда. Россия томонидан аксарият музокараларни элчи Борис Гризлов олиб боради. У Лукашенко билан бевосита алоқада. Москва молиявий ёрдамни бутунлай тўхтатиш билан таҳдид қилиши мумкин, Беларусь эса ушбу маблағларга боғланиб қолган.








