Шавкат Мирзиёев 26 май куни “Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилади. Шунингдек, Самарқанд давлат университетига Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиали қўшиб олинади.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат педагогика институтига Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали бириктирилади. Мазкур филиал базасида Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети фаолияти йўлга қўйилади.
Қарорга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мазкур олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва докторантлари хорижнинг етакчи олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотларига малака ошириш ва илмий стажировка ўташ учун юборилади.
Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилидан Самарқанд давлат техника университетида “Интеллектуал сув технологиялари” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади.








