Daryo

“Эго”. Роналду, Неймар ва Машарипов ҳақида

Жаҳон чемпионати яқинлашгани сайин терма жамоалар таркиби атрофидаги баҳслар қизғин тус олмоқда. Хўш, нега мураббийлар баъзан спорт формаси аъло даражада бўлган футболчиларни четда қолдириб, ўйин амалиётисиз қолган юлдузларга ишонч билдиради? “Дарё” колумнисти Қаҳрамон Асланов ўзининг навбатдаги мақоласида Криштиану Роналду, Неймар ва Жалолиддин Машарипов мисолида футболчиларнинг “эго”си, кийим алмаштириш хонасидаги муҳит ва мураббийларнинг яширин аргументлари ҳақида фикр юритади.

9 дақиқа ўқиш43 132 кўришлар0 изоҳ51

Жаҳон чемпионатида қатнашувчи терма жамоалар мураббийлари бирин-кетин таркибларни эълон қилишда давом этар экан, табиийки, бу мавзуда турли баҳс-мунозаралар кўпаяди. У ёки бу футболчининг таркибга кириб, ёхуд тушиб қолгани ҳақида эътирозлар янграй бошлайди. Аслида таркибни танлаш ҳуқуқи якуний натижа учун асосий жавобгар бўлган мураббийларнинг тўлиқ ҳаққи бўлиши билан бирга, бундай эътирозларнинг бўлиши ҳам мутлақо табиий.

Фабио Каннаваро танлаган таркиб ҳам саволлар уйғотди. Энг қизиғи, баъзи футболчиларга қўйилган талаблар бошқалар учун ишламагандек туюлди: масалан, фақат спорт формаси туфайли Турғунбоев таркибдан четда қолиб, қарийб бир йил вақтини жароҳатини тиклаш билан ўтказган ва ҳали расмий ўйинларда майдонга тушмаган Жалолиддин Машарипов мундиалга борадими? Ўз-ўзидан бундай параллеллар вазиятга бошқачароқ қарашга, фарқли сабаблар ахтаришга ундайди. Келинг, қисман ўхшаш бўлган уч ҳолат — Роналду, Неймар ва Машарипов мисолида мавзуни тушунишга ҳаракат қиламиз.

Криштиану Роналдунинг Португалия таркибидан жой олиши аниқ эди, бунинг аксини тасаввур қилиш қийин. Роналду терма жамоадаги фаолиятини якунлашини ўзи айтмагунича, уни таркибдан чиқариб юбора оладиган бирорта ҳам мураббий йўқ. Аммо савол бошқа: ўта кучли ҳимоя ва ярим ҳимояга эга бўлган, чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири саналган Португалия термасига Саудия Арабистони чемпионатида икки йилдан бери тўп сураётган ҳужумчи қанчалик мос келади? Асосий юлдузи Саудияда ўйнайдиган терма жамоа жаҳон чемпиони бўла оладими?

Биласизми, гап фақат Саудия Арабистони чемпионати даражаси ёки Криштианунинг бугунги ҳолатида ҳам эмас. Айтайлик, қандайдир шартли Руи Поштига исмли футболчи бўлиб, у ўша чемпионатда ўйнаб юрган ва бугунги Роналдудан икки баробар кам гол уриб, терма жамоага чақирилганида ҳам, менда ҳеч қандай эътироз бўлмасди. Масалан, Жоау Фелишга индамаяпман-ку. Масала шундаки, Криштианунинг аураси ва терма жамоадаги ўрни унинг бугунги ҳақиқий салоҳиятидан анча юқори бўлиб қолмоқда. Оддий ҳужумчи ким? У захирада ўтиради, мураббий истаган пайтда уни майдонга туширади, истамаса туширмайди — ортиқча муаммо бўлмайди. Лекин бош мураббий Роналдуни таркибдан четда қолдириш ихтиёрига деярли эга эмас экан, у билан чемпионатга бориш ҳам шунчалик хавфли эмасми?

Қайтараман, гап Криштианунинг қандай ўйнашида эмас, балки мураббийда бошқача қарор қабул қилиш учун имкониятнинг ўзи қолдирилмаслигида. Нафақат Мартинес, балки, менимча, бошқа ҳар қандай мураббий на Мессини, на Роналдуни ўз ихтиёри билан таркибдан четлаштира олади. Қоидага кўра эса, мураббий таркибни ва бирор ўйин учун режани танлар экан, ҳеч қандай ташқи омилни ҳисобга олмаслиги керак. Энди тасаввур қилинг: Жаҳон чемпионати чорак финалида Аргентина ва Португалия ўйнаяпти. Мураббий бу ўйинда ғалаба қозониш учун Роналдусиз ҳаракат қилиш тўғри бўлади, деб ўйласа ҳам, уни захирада қолдиришга ботина олармикин? Ёки бутун дунё яна “супер тўқнашув” илинжида мураббийга бошқа танловнинг ўзини қолдирмайдими?

Фото: Getty Images

Португалияда Криштиану Роналдудан яхшироқ марказий ҳужумчи ростдан ҳам йўқдир. Лекин, биз айнан Роналду учун мослаштирилган схемани олиб, ўша жойга футболчи қидирсакгина шундай бўлади. Масалан, Килиан Мбаппедан яхшироқ ҳужумчи йўқ, лекин “Реал” Хоселу билан кўпроқ совринлар ютмадими?

Юлдузлар ҳақида гап кетганда, бирга бирни қўшганда доим ҳам икки бўлавермайди: баъзида икки ярим, баъзида эса бир ярим бўлиши мумкин. Мбаппе “Реал”га келиб 30 га яқин гол урди, аммо жамоанинг бир мавсумда урган голлари сони, аксинча, камайди. Мбаппе озгина Винисиуснинг, кўпроқ эса Беллингемнинг голларини “тортиб олди”. Килианнинг келиши Винисиуснинг чап қанотдан кутилмаганда амалга оширадиган рейдларини, Беллингемнинг эса жарима майдончасидаги бўшлиқларни тўлдиришини камайтирди. Худди шу шаклда, Криштиану Португалия терма жамоасига кўриниб турган кўп нарсаларни тақдим этиши билан бирга, бошқа муҳим жиҳатларни тортиб олаётган бўлиши мумкин-ку?

Оддий мисол: Бруну Фернандеш “Манчестер Юнайтед”даги фаолиятида энг кам ассист амалга оширган мавсум (2021/22) айнан Роналду билан бирга ўйнаган даврига тўғри келган экан. Премьер Лигада атиги 6 та ассист ва шулардан фақат биттасигина Криштиануга узатилган. Бу худди парадоксга ўхшайди: ахир Шешко-ю Мбемолар билан рекорд қўйган футболчи нега тарихнинг энг зўр тўпурари билан елкама-елка ўйнаганда самаралироқ бўла олмади?

Сабаби оддий — Бруну ассистларининг характерида. Эътибор берсангиз, унинг стандарт вазиятлардан ташқари аксарият узатмалари очиқ ҳудудлар вужудга келганда, ҳужумчининг ўша зонага ёриб киришига мўлжалланган бўлади ва асосан тўпни қабул қилувчининг йўлига йўналтирилади. Бугунги Роналду эса, аксинча, тўпни оёққа қабул қилишга, жарима майдончаси ичида туриб зарба беришга одатланган, у шу усулда самаралироқ ҳаракат қилади. Ундан худди “Реал”даги дастлабки йилларидагидек тезкор очилишларни кутмаган маъқул. Яъни, Роналдунинг Португалия таркибида бўлиши ўз-ўзидан ярим ҳимоячиларнинг ўйин услубига ҳам таъсир қилади, қайсидир маънода уларни чеклаб қўйиши ҳам мумкин. Худди Мбаппе билан бўлганидек, Роналду мундиалда Португалиянинг тўпурари бўлиши, 5 та гол уриши ва “у бўлмаса жамоа нима қиларди?” деган хулосаларни тақдим этиши мумкин, аммо аслида жамоа усиз кучлироқ ўйнаши мумкинлигини ҳеч қачон амалда исботлай олмаймиз. Яна бир бор такрорлайман: Роналдунинг ўйин даражасидан кўра муаммо кўпроқ унинг терма жамоадаги аҳамиятида, “эго”сидадир. У шунчалик каттаки, шерикларида ва мураббийда бошқа танлов қолдирмайди.

Фото: Getty Images

Эсингизда бўлса, Мирослав Клозе ЖЧ—2010 да мундиаллардаги голлар сони бўйича бразилиялик Роналдонинг рекордини янгилашига бир қадам қолганди. Лекин 3-ўрин учун баҳсда у захирада қолдирилади, мураббий эса шу пайтгача ўйнамаган футболчиларга ишонч билдиришни маъқул кўради. Тасаввур қиляпсизми, рекорд учун биттагина гол қолган ва кейинги чемпионатларда ўйнаши даргумон бўлган Мирослав Клозе... Месси ёки Роналдунинг шунга ўхшаш тарихий рекорд бўсағасида майдонга тушмай қолиш эҳтимоли мутлақо йўқ бўлса керак. Индивидуал рекордлар, жаҳон футболидаги юқори статус ва медиа томонидан қаратиладиган ортиқча эътибор терма жамоага халақит бериши мумкин. Агар футболчи ўз ўйинлари билан жамоани кучайтирса — гап йўқ, аммо унинг майдонда жамоавий ўйинга халақит бериш эҳтимоли бўлса... билмадим.

Неймарнинг ҳолати бир оз бошқача. Карло Анчелотти уни таркибга киритиши ёки киритмаслиги сўнгги сонияларгача номаълумлигича қолди. Бутун Бразилия халқи, жумладан Неймарнинг ўзи ҳам мураббийнинг қарорини ҳаяжон билан кутгани бир нарсадан дарак беради: Бразилияда Анчелотти ва Неймарнинг позицияси Мартинес ҳамда Роналду ўртасидаги вазиятдан тубдан фарқ қилади. Албатта, бунинг ҳаммаси аслида юқори доираларда ҳал қилиниб, шунчаки интрига учун сир тутилган бўлиши эҳтимолини ҳам инкор этмайман. Лекин, назаримда, кичик бўлса-да, Анчелоттида бошқача қарор қабул қилиш ҳуқуқи мавжуд эди. Демак, мундиал пайтида ҳам бошқарув рули мураббийнинг қўлида бўлади. Неймарнинг таркибга киритилиши эса бутун Бразилия халқи шуни истагани, оммавий босим ва ортиқча гап-сўзлардан халос бўлиш учун қабул қилинган “сиёсий” қарор бўлиши мумкин. Албатта, Неймар ўз ўйини билан ҳам терма жамоага ёрдам берар, лекин у қачонки Анчелотти зарур деб топсагина майдонга тушади. Роналдунинг ҳолати билан асосий фарқ ҳам шунда. Неймарнинг сўнгги йилларда деярли футбол ўйнамагани, кетма-кет олган жароҳатлари барча козирларни Анчелоттининг қўлига тутқазиб қўйди. Роналду эса айни пайтда ҳам Португалия терма жамоасидаги энг харизматик футболчи ва яққол етакчи бўлиб қолмоқда — Мартинес ундан ҳеч қандай “айб” топа олмайди ва ўз эътирозларини оммага тушунтириб, қабул қилдира олмайди.

Фото: Getty Images

Шу билан бирга, Неймарнинг бугунги Бразилия таркибида бўлиши, тўлиқ тикланмасдан четда қолиб кетганидан кўра хавфлироқ бўлиши ҳам мумкин. Бутун мамлакатнинг севимли футболчиси захира ўриндиғида ўтирса ҳам, ҳозирча бунга эътироз йўқ, лекин мабодо Бразилия мағлубиятга учрайдиган бўлса, саволлар кўпайиши турган гап. “Нега Неймарга эртароқ имконият берилмади?”, “Нега унинг ўрнига фалончи майдонга тушди?” қабилидаги эътирозлар авж олиши ва бу терма жамоа муҳитига жиддий таъсир қилиши мумкин. Ўйлайманки, Анчелотти аслида Неймарнинг жароҳатдан фориғ бўлмай қолишини ва ўзида Неймар масаласида бош қотириш мажбурияти бўлмаслигини кўпроқ хоҳлаган эди.

Жалолиддин Машариповнинг ҳолати Роналдудан кўра кўпроқ Неймарга ўхшаб кетади, лекин фарқли жиҳатлари ҳам бор. Ҳа, Каннаваро бемалол уни таркибдан четда қолдириши мумкин эди ва менимча, бунга ҳеч ким эътироз билдирмасди, аксинча, бу ҳол энг тўғри қарор деб қабул қилинарди. Ҳозир эса бу қарор, айниқса, яхши спорт формасида бўла туриб таркибдан четда қолган бир қатор футболчилар фонида анча баҳсли туюлмоқда.

Аввалги ўйинларда, айниқса, Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида жамоага катта ёрдам берган Турғунбоев ёки Эркинов каби ўйинчиларнинг мундиалга бормаслиги мухлислар учун адолатсизликдек туюлиши табиий, бунга эътироз йўқ. Аммо бир нарсани тушунишимиз керак: мундиал — аввалги хизматлар учун бериладиган мукофот эмас, балки терма жамоа олдида турган жиддий ва навбатдаги турнирдир. Турнирга эса айни вақтда фақат мураббий наздидаги энг лойиқлар бориши керак, тамом.

Биз терма жамоа деганда, худди футбол клуби каби унинг доимий аъзолари бўлади, деб тушунишга одатланиб қолганмиз. Гўёки, унинг ўз ўзгармас таркиби бор ва янги номзодлар аста-секин йиғинлар, ўртоқлик ўйинлари орқали жалб этилиб, таркиб кенгайиб боради. Йўқ, аслида вазият бир оз бошқача. Доим терма жамоага номзод 50–60 нафар футболчи бўлади ва ҳар бир турнир ёки ўйин олдидан айни ўша даврдаги жорий вазифа учун энг лойиқлари танлаб олинади. Агар масалага шу нуқтайи назардан қарасак, бугун Турғунбоев, эртага Ғаниев таркибдан четда қолиши мутлақо нормал ҳолат сифатида қабул қилиниши керак. Гарчи улардан бири Қатарга чиройли гол уриб, иккинчиси бир қатор ажойиб ассистларни амалга оширган бўлса-да.

Бундай ёндашув мундиалдан кейинги давр учун ҳам фойдали — ҳеч бир футболчи ўзининг терма жамоадаги жойига олдиндан кафолат ололмайди. Бу эса уларни доим юқори спорт формасида бўлишга, терма жамоа таркибига кириш учун тинимсиз ҳаракат қилишга ундайдиган асосий мотивациядир. Ҳа, баъзи истиснолар ҳам бор. Масалан, “Манчестер Сити” даражасидаги ёки Туркия чемпионатида тўп сурадиган легионерларимиз бўлса, бу бошқа масала. Каннаваронинг уларга таяниши, доим уларга таркибдан асосий ўрин бериши тушунарли ҳолат. Модомики асосий мақсад терма жамоанинг қолган аъзолари даражасини ҳам уларга яқинлаштириш экан, юқоридаги қатъий танлов шартлари асосан Суперлига ёки ундан пастроқ чемпионатларда тўп сурадиган футболчилар учун ишлайди.

Жалолиддинга келсак, Каннаваро уни кийим алмаштириш хонасидаги 3-4 нафар етакчилардан бири, жамоа муҳитига ижобий таъсир кўрсатувчи муҳим шахс сифатида жалб қилган бўлиш эҳтимоли катта. Машарипов чемпионатда балки бирор дақиқа ҳам ўйнамаслиги мумкин, лекин Шомуродов ва Шукуровлар қаторида терма жамоанинг энг тажрибали, ёши катта етакчиси сифатида ёш футболчиларнинг жамоага мослашишига ёрдам бериши мумкин. У ёшлардан ортиқча босимни пасайтириш, керакли маслаҳатлар бериш ҳамда мураббий қарорларини жамоа ичида тўғри тушунтиришда аҳамиятли фигура ҳисобланади. Аминманки, бу илк мундиалимиздаги жуда зарур жиҳат бўлиб, Турғунбоев ёки Эркинов бундай муҳим жамоавий вазифани бажара олишмасди. Яъни, ҳар бир танловда мураббийнинг ўз аргументлари бўлади ва бир футболчини жалб қилмаслик учун кўрсатилган сабабни автоматик равишда бошқасига ҳам қўллай олмаймиз. Агар Каннаваро Турғунбоевни чақирса, уни фақат зўр спорт формаси учун чақирарди, Машарипов учун эса юқорида айтилган бошқа салмоқли сабаблар бор, назаримда.

Фото: ЎФА

Юқоридаги уч ҳолатни қиёсласак, Португалия терма жамоасида Роналдунинг борлиги энг кам эътирозга сабаб бўлади, лекин аслида бу жамоавий ўйинга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам инкор этмайман. Неймарни танлаш борасида эса қўллаб-қувватловчилар ҳам, қаршилар ҳам топилади. Унинг таркибда бўлиши қайсидир жиҳатдан фойда келтириши ҳам, балки жамоа муҳити учун зарарли бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Жалолиддин Машарипов бўйича қилинган танлов эса бир қарашда тушунарсиздек туюлади, бироқ бу қарорнинг жамоа зарарига ишлаши мумкин бўлган бирорта ҳам салбий сабабини кўрмаяпман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар